Тармоқда Nokia компанияси 2017 йилда еттита смартфон чиқаришни мўлжаллаётгани ҳақида маълумот пайдо бўлганди. Яқин ойлар ичида эса тўртта янги қурилма тақдим этилиши мумкин.

Биринчи бўлиб Snapdragon 430 процессорида ишловчи Nokia 6 гаджети тақдим этилди. Кейинчалик Mobile World Congress 2017’да Nokia 3 ва Nokia 5 намойиш этилди, улар MediaTek MT6737 ва Snapdragon 430 чипларига эга. Энди эса Nokia Nokia 2, Nokia 7, Nokia 8 ва Nokia 9 моделларини чиқариши кутилмоқда.

Nokia 2’да Snapdragon 212 ёки MediaTek процессори ўрнатилади. Бу эса, қурилма анча ҳамёнбоп бўлишидан дарак беради, деб ёзмоқда Gizmochina.

Nokia 7 Snapdragon 630 чипсетига эга бўлса, Nokia 8 Snapdragon 660’дан фойдалангани туфайли анча кучли смартфонга айланади. Бундан ташқари,  "саккизинчи" Nokia “еттинчи”сидан иккита Zeiss камераси билан ажралиб туради. Кутилишича, гаджет 2K экрани, 6 ГБ оператив хотира ва 64 ГБ доимий хотирага эга бўлади.

Nokia 9 Snapdragon 835’да ишлайди. Унда 5,3 дюймли QHD-дисплей, 13-мегапикселли камера ва 8 ГБ оператив хотира бўлади.

Nokia вакилларининг маълум қилишича, 2017 йилда планшетлар чиқарилмайди. Бундан ташқари, Nokia 4 смартфони ҳам бўлмайди, сабаби тўрт рақами баъзи давлатлар маданиятида салбий образга эга экан. Кутилишича, Nokia 9, Nokia 8, Nokia 7 ва Nokia 2 IFA 2017’да тақдим этилади.