Фуқароларнинг ҳуқуқий мавзусидаги саволларига мутахассисларнинг берган жавоблари барча учун бирдек қизиқарли бўлади. Биз сайтимизда ана шундай савол-жавобларни мунтазам ёритиб боришга қарор қилдик. Ҳуқуқий билимларини оширишга қизиқаётганлар Адлия вазирлигини расмий сайти — minjust.uz нинг савол-жавоблар бўлимига ўтиб, савол-жавоблар билан ҳам танишишлари мумкин.

Савол: Фарзандим Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси эди. Унга давлат томонидан энергия сарфларини қоплаш ва жисмоний ресурсларини тиклаш пули тўланарди. Ҳозир эса тўланмаяпти. Сабаби нимада?

А.БАҲРИДДИНОВ, Тошкент шаҳри

Саволга Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси юридик хизмати бошлиғи Шерзод КАРИМОВ жавоб берди:

— Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 27 апрелдаги 121-сон қарори билан тасдиқланган «Терма жамоалар ҳамда уларнинг захираси спортчилари ва тренерларининг энергия сарфларини қоплашга ва жисмоний ресурсларини тиклаш учун мақсадли пул (молиявий) маблағларини сарфлаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 17-бандига асосан спортчиларга давлат томонидан энергия сарфларини қоплаш ва жисмоний ресурс­ларини тиклаш пулини тўлаш:

терма жамоа рўйхатидан чиқарилганда;

натижадорликни жиддий пасайтириб юборганда;

интизомий тартибни қўпол равишда бузганда;

спорт тайёргарлиги билан шуғулланмай қўйганда

тўхтатилади.

Савол: Фарзандим шу йилнинг 31 августида 6 ёшга тўлади. Лекин ўқишга жуда қизиқади. Тайёрлов курсларига берганман. Ҳозирданоқ ҳарфларни танийди, санашни билади. Айтинг-чи, амалдаги тартибга кўра, фарзандимни бу йил мактабга берсам бўладими?

З.АКБАРОВА, Тошкент шаҳри

Саволга Халқ таълими вазирлиги юридик хизмат бошлиғи Сарвар МИРАЗИМОВ жавоб берди:

— «Таълим тўғрисида»ги Қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган «Умумий ўрта таълим тўғрисида»ги низомга мувофиқ, умумий ўрта таълим муассасаларининг 1- синфига 6–7 ёшли болалар тиббий хулосага мувофиқ қабул қилинади.

Тегишли йилнинг 31 августига қадар 6,5 ёшга тўлмаган, 1-синфда ўқиш истагини билдирган болаларнинг ота-оналари билан мазкур умумий ўрта таълим муассасасининг педагог ходимлари ва психологи томонидан болани мактабда ўқиш учун жисмонан ва руҳан тайёрлаш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилади.

Савол: 2017 йил олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш кунлари ўзгардими?

А.РАЖАБОВ, Самарқанд вилояти

Саволга Давлат тест маркази юридик хизмати бошлиғи Ҳусан ЭЛМУРОДОВ жавоб берди:

— Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилишда тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритилди. Унга кўра, 2017 йилдан ҳужжат топшириш 15 июндан 15 июлгача давом этади.