12 июль куни сенаторлар, депутатлар ҳамда сиёсий партиялар вакиллари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги партиялар фаолиятига танқидий баҳо берди.

Президент «Адолат» партияси вакиллари ўзига алоқадор соҳаларда кутилган ишларни амалга оширмаётганини келтириб ўтган.

«Маълумки, «Адолат» социал-демократик партияси ижтимоий адолат, илм-фан, таълим-тарбия ва соғлиқни сақлаш соҳасида аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш шиори остида фаолият олиб боради.

Лекин партия ушбу соҳаларда, хусусан, жамиятимизда қонун ва адолат устуворлигини ёки аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ва уни дори-дармон воситалари билан таъминлашни яхшилаш бўйича аниқ ташаббусларни нима учун ўз вақтида илгари сурмагани ачинарли ҳолдир.

Ҳозирги вақтда юртимизда илм-фан, таълим-тарбия соҳалари, жумладан, Фанлар академияси фаолиятини такомиллаштириш бўйича ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Лекин «Адолат» партияси вакиллари, уларнинг депутатлари, мисол учун, ёш олимлар билан бирон марта учрашиб, уларнинг дардини эшитиб, муаммоларини ечиш бўйича қандай амалий таклифлар берди? Минг афсуски, йўқ бундай таклиф.

Мана, бугунги кунда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини такомиллаштириш юзасидан жойларда турли-туман фикрлар, таклифлар билдириляпти. Лекин нима учун партия бу масалалар бўйича ўз фикри, ўз муносабатини баён этмаяпти?

Соғлиқни сақлаш, жамиятимизда қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш, оилаларда, маҳаллаларда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш бўйича кейинги пайтда қанча муҳим тадбирлар ўтказилмоқда, бу борада мутлақо янги тизим барпо этилмоқда. Сизлар ана шу масалалар бўйича бирорта фикр билдирдингизми?

Яқинда матбуотда Ўзбекистон судьялар ҳамжамиятининг мурожаати эълон қилинди.

Хўш, «Адолат» партиясининг бу масалага муносабати қандай – сайловчиларингиз, тарафдорларингиз сизлардан бу саволларга жавоб кутишга ҳақли», деган президент.