Шавкат Мирзиёев видеоселекторда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг фаолиятини ҳам танқид қилиб ўтди.

«Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг фаолиятини ҳам мамлакатимиздаги етакчи сиёсий куч сифатида фаол ва самарали деб бўлмайди. 

Президент сайловлари бўлиб ўтганига ҳам, мана, ҳадемай бир йил тўлади. Лекин партиямиз ҳозирги пайтда янги ғоялар, янги ташаббус ва таклифларни ўртага қўяётгани йўқ. 

Мана, биз Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси фаолиятини янгича асосда ташкил этиб, унинг раҳбарларини ҳам ўзгартирдик. 

Мамлакатимизда тадбиркорлик ва хусусий мулкчиликни янада қўллаб-қувватлаш, бу соҳага янги-янги имтиёз ва преференциялар яратиб бериш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда. Қанча эркин иқтисодий зоналар, қишлоқларда кичик саноат ҳудудлари ташкил этиляпти. Қишлоқ хўжалиги соҳасида биз учун янги бўлган тармоқ ва йўналишларга асос солинмоқда. Бу борада биз жуда оддий, жуда содда, лекин чуқур ҳаётий асосга эга бўлган бир принципга амал қиляпмиз. 

Яъни, фақат битта қишлоқ хўжалик экинига қарам бўлиб қолмасдан, даромад, фойда нуқтаи назаридан ўзини оқламаган пахта майдонларини қисқартириб, уларнинг ўрнига нимаики даромад келтирса, нимаики экспортбоп бўлса, нимаики одамлар ҳаётини фаровон қиладиган бўлса, айни шу экинни экамиз. 

Лекин бу ишларни изчил ва самарали амалга ошириш, уларнинг пировард натижасини таъминлаш учун барча масъулият ва жавобгарликни фақат ижро органларига ташлаб қўйиш ҳам тўғри бўлмайди. Бу масалаларда тадбиркор ва ишбилармонлар, фермерлар, хусусий мулк, жумладан, интеллектуал мулк эгаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиламан, деб майдонга чиққан Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ўрни ва иштироки, амалий таъсири аниқ сезилиши зарур. 

Мана, яқинда мамлакатимиз ёшлари ўз қурултойида янги ташкилот – Ўзбекистон ёшлар иттифоқини ташкил этди. Шу мажлисда ёшлар ҳаётига бевосита дахлдор бўлган кўпгина масалалар қаторида ёш тадбиркорларни қийнаётган қанча муаммолар ҳам ўртага қўйилди. 

Нима учун Либерал-демократик партиямиз шу масалага ўз вақтида эътибор қаратиб, бу муаммоларни ҳукумат олдига, тегишли вазирлик ва идоралар олдига қўймади, деган савол, афсуски, жавобсиз қолмоқда. 

Ҳолбуки, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш партиямизнинг асосий мақсади экани Дастур ва Низомда ёзиб қўйилган. 

Ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади. Биз нафақат ЎзЛиДеП, балки барча партиялар мисолида ана шундай қудратли, сафарбар этувчи кучни кўришни истаймиз. 

Кўриб турибсизлар, ҳозирги вақтда деярли ҳар куни мамлакатимиз тараққиётининг турли соҳалари бўйича камида 2-3 та қарор ёки фармон чиқарилмоқда. Албатта, буларнинг барчаси яхши ҳаётдан бўлаётгани йўқ, аксинча, кундалик турмушда муаммолар кўплиги ва уларни ҳал қилиш зарурати шуни тақозо этмоқда. Лекин аслида ҳаётимиздаги мана шундай энг муҳим ва долзарб масалалар бўйича сиз, депутатлар сифатли ва пухта қонунларни ўз вақтида қабул қилишингиз керак эмасми?», — деган йиғилиш давомида Ўзбекистон раҳбари.

Мирзиёев шунингдек, сиёсий партияларда аксарият ҳолларда ўткир ва оғир муаммоларнинг ечими устида ишлаш ўрнига, «озгина вақт ўтса, бу масала ўзи ҳал бўлади», «бу – Ҳукуматнинг иши», деган қарашлар, «сен – менга тегма, мен – сенга тегмайман», деган эскича кайфият ҳам йўқ эмаслигини таъкидлади.

«Бундай лоқайдлик, табиийки, шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги замондан орқада қолишга олиб келади ва бунга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди», — деди президент.