Сенатор ва депутатлар ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини очади

Ўзбекистон 13 Июль 2017 4915

Шавкат Мирзиёев видеоселектор давомида сенаторлар ва депутатлар ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларига эга бўлиши лозимлигини қайд этиб ўтди.

«Парламент фаолиятига оид камчиликларга айрим депутат ва сенаторлар ўз вазифасини тўғри англаб етмагани ҳам сабаб бўлмоқда. Буни очиқ тан олишимиз керак. 

Шундай парламент вакиллари ҳам борки, ўтган қарийб икки ярим йил мобайнида муҳокама этилаётган қонун лойиҳалари ва масалалар бўйича бирон марта ҳам маъруза қилмаган, уларга муносабат билдирмаган ёки маъруза юзасидан чиқишлар қилмаган, улар фақатгина кўр-кўрона овоз бериш билан шуғулланади. Афсуски, бу – аччиқ ҳақиқат. 

Депутат ва сенаторлар ўз фаолияти ҳақида сайловчиларни хабардор этиб бориш учун Интернетда, ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини очиб, зарур маълумотларни уларга киритиб боришлари лозим. Дунёдаги кўпгина мамлакатлар аллақачон шу тизимга ўтган. 

Бу борадаги ишларни ташкил этиш вазифаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбари Ш.Шерматовга топширилади», деган Шавкат Мирзиёев. 

Президент айни пайтда Олий Мажлис палаталари депутатлар ва сенаторларни маънавий ва моддий рағбатлантиришга доир низомни ишлаб чиқиб, амалиётга татбиқ этиш лозимлиги, бунда ҳар бир депутат фаолиятини баҳолаш ва рағбатлантиришнинг аниқ мезони ва механизмларини белгилаш, шунга кўра намуна кўрсатган депутатларга «адолатли депутат», «халқпарвар депутат», «меҳнаткаш депутат» деган номлар беришни назарда тутиш мақсадга мувофиқлигини айтиб ўтган. 

«Ўйлайманки, бундай номларга сазовор бўлган депутатлар кейинги сайловларда аввало сиёсий партиялар томонидан номзод сифатида илгари сурилади, энг муҳими, улар халқимиз томонидан қўллаб-қувватланади. 

Сидқидилдан ва самарали ишлаган, ваколати тугаган депутатларга «фахрий депутат» мақомини бериб, уларнинг ойлигига устама ҳақ тўлаш тизимини жорий қилиш керак. Жумладан, Қонунчилик палатаси депутати ёки Сенат аъзоси бўлган фахрий депутатларимизга ҳар йили энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробари, маҳаллий кенгашларнинг фахрий депутатларига – 3 баробардан 5 баробаргача бўлган миқдорда мукофот беришни таклиф этаман», дея президент сўзларини келтирган ЎзА. 

Кўпроқ янгиликлар