Тадбиркорлик муаммолари Халқаро Пресс-клубнинг ошкора муҳокамасида

Ўзбекистон 13 Июль 2017 6097

12 июль куни Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги сессияси бўлиб ўтгани ҳақида аввал хабар берилган эди. Унда Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантириш муаммолари, уларни ҳал этиш йўллари ва ҳукумат ҳамда палата томонидан қандай ишларга амалга оширилаётгани, нималар қилиниши кераклиги муҳокама этилди.

Сессия, ХПК руҳиятига ҳамоҳанг равишда ошкора фикр алмашиш тарзида бўлиб ўтди. Модератор Шерзодхон Қудратхўжаев бу сафар сессияни олиб бориш тартибига янгича ёндашиб, унда экспертлар, тадбиркорлик соҳасида кўп йиллик тажрибага эга бўлганларнинг фикрини билишга кўпроқ эътибор қаратди.

Сессияда муҳокама қилинган мавзулардан бири Ўзбекистонда электрон тижоратни ривожлантириш масаласи бўлди. Бу борада фикр билдирган Адҳам Икромовнинг айтишича, ушбу масала Ўзбекистон раҳбарининг Фарғона вилоятига сафари чоғида кўтарилган ва ҳунармандларнинг электрон тижоратдаги имкониятларини ўрганиш вазифаси топширилган. Президент ҳунармандларнинг ташқи бозорларга чиқиши чекланганини қайд этар экан, валюта фақат Марказий банкда эмас, балки тадбиркорларнинг банк карточкаларида ҳам бўлиши кераклигини алоҳида уқдирган.

«Ҳозирда биз Риштон туманининг сополдан юқори сифатли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва уларни электрон тўлов карталари орқали сотиш имкониятларини диққатбилан ўргандик. Бу каби электрон савдо майдонлари Ўзбекистонда бир нечта, масалан, arba.uz. Шунингдек, ССПнинг UPAY брендидан ҳам фойдаланиш мумкин. Аммо биз ташқи бозордаги интернет савдо майдонларига ҳам чиқишимиз керак. Бугунги кунда Риштон тумани экспорт салоҳияти ойига 150 минг долларни ташкил этади. Йил охиригача, электрон савдо йўли билан бу рақамни 1-1,5 млн долларга етказиш мумкин», - деди ССП раиси.

Муҳокама чоғида миллий қонунчиликдаги қатор хато ва камчиликларга ҳам эътибор қаратилди. Давлат органларининг қонунчиликдаги турли маъноли бандларни тадбиркорлар фойдасига эмас, уларнинг зиддига қўллаши амалиётлари, ССП ҳузурида прогнозлаш маркази ва ахборотномани ташкил этиш борасида фикр алмашилди.

Адҳам Икромов меъёрий ҳужжатларга мувофиқ, аслида қонунчиликдаги турли мазмундаги ва тушунарсиз бандларнинг ижроси тадбиркорлар фойдасига ҳал этилиши кераклигини таъкидлади. Афсуски, бу ишламаяпти, бунда ўзбек тадбиркорларининг ҳуқуқий саводхонлиги пастлиги ёки йўқлиги ҳам ҳал қилувчи омиллардан бири бўлмоқда. СПП ҳузуридаги экспертлар кенгаши, ҳакамлик судлари ва халқаро ҳакамлик судлари бу каби тортишувли масалаларни ҳал этиш имконини беради.

ССП раисининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов шу мавзуни тўлдирар экан, қонунчиликдаги нуқсонлар ёки турли мазмундаги бандларнинг мавжудлигини энг долзарб масалалардан бири сифатида таърифлади. Унинг айтишича, давлат раҳбари томонидан бу муаммони ҳал этиш учун 3 ой муддат берилган. Барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўрганилади. Ҳозирда, катта ишчи гуруҳ шакллантирилган. ССПга Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Иқтисодиёт вазирлиги ва бошқа ташкилотлар ёрдам беради. Давлат раҳбари барча вазирликларга тадбиркорликдан барча тўсиқларпни олиб ташлаш вазифасини топширган.

Мунозара шаклида ташкил этилган сессияда турли фикрлар, қарашлар ҳам илгари сурилди, мавжуд муаммоларга эътибор қаратилди. Жумладан, сессия модератори Шерзодхон Қудратхўжаев тадбиркорлар ва мамлакат фуқароларига ҳам мурожаат тарзидаги фикрларини билдириб, уларни ҳалолликка, ватанпарвар бўлишга ундади.

Унинг айтишича, ҳаётда барча нарса бир-бири билан боғлиқ. Тадбиркорларнинг нақд пул тушумини виждонан инкассация қилиши фарзандлар таълим тарбияси, йўллар ва шифохоналар, бошқа муҳим инфратузилмаларни барпо этиш каби масалаларни ҳал этишда муҳимдир. Фуқаролар эса, бозорларда ватанпарварлик намоён этиб, ўзимизда ишлаб чиқилган, сифати хорижникидан қолишмайдиган, ҳатто айрим жиҳатлари бўйича уларни ортда қолдирадиган, қолаверса, ҳамёнбоп маҳсулотларни харид қилишса маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаган, уларга кўмак берган бўлади.

“Мисол учун, ўзим Кўкчада катта бўлганман. Ёшлигимизда тонгги 6 гача сут маҳсулотлари сотиб олиш учун навбатда турардик. Нонни кечқурун олардик. Бугунги кунда эса, дўкон деган тушунча ҳам деярли истеъмолдан чиқмоқда. Аксарият аҳоли супермаркетларда савдо қилади. У ерда ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар қаторида хорижники ҳам бор. Шу вақтда, хориж маҳсулотларини камситмаган ҳолда маҳаллий маҳсулотлар, у хоҳ озиқ-овқат бўлсин, хоҳ кийим-кечак бўлсин, харид қилсак, албатта давлат ва тадбиркорлик ривожига ҳисса қўшган бўламиз”, - деди ХПК модератори.

Йиғилиш иштирокчилари ҳам муҳокамадан четда бўлмай, аксинча ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Жумладан, тадбиркор Азиза Умарова, нафақат қонунчиликни ўзгартириш, балки кўплаб маъмурий-буйруқбозлик босимига учраган кўплаб тармоқ ва соҳалар бошқарувини, ўз-ўзини бошқариш имкониятини тақдим этиш билан енгиллаштириш кераклигини билдирди.

Унинг яна бир таклифи – хусусий секторга доир бўлиб, «Сариқ саҳифалар қоидаси» (Yellow pages rule)ни жорий қилиш бўлди. Унга кўра, бозорда давлат корхонаси билан бирга яна 3та хусусий компания айни соҳада фаолият юритаётган бўлса, ушбу соҳада давлат иштирокидаги яна бир корхонага асос солишни тақиқлаш назарда тутилади.

Иштирокчилардан бири, тадбиркор Ҳикмат Абдурахманов дунёнинг кўплаб мамлакатлари, ҳатто яқин қўшни давлатларда ҳам Ўзбекистон, унинг хусусий сектори ва имкониятлари ҳақида яхши билмасликларини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, хорижда Ўзбекистонда қандай қилиб бизнесни йўлга қўйиш мумкин?, деган савол пайдо бўлади. Ҳатто, айрим хорижий давлат идоралари ҳам Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотларни импорт қилишда маҳаллий тадбиркорларга ёрдам беришга қизиқиш билдирмоқда. Шу билан бирга, хорижда нафақат ички назорат ва аудит тараққий этган, балки манфаатларнинг коррупция омили ва зиддиятини таҳлил қилиш йўлга қўйилган.

Сессияда, шунингдек, тадбиркорлар томонидан экспорт-импорт амалиётларини бажаришда логистика муаммоси ҳам эътиборидан четда қолмади. Спикерлар ва ССП раиси ўринбосарлари ўз йўналишлари бўйича ОАВ вакиллари ва тадбиркорларни қизиқтирган турли саволларга жавоб қайтаришди.

Суратлар манбаси: Халқаро пресс-клуб  

Кун янгиликлари
Ҳурматли абитуриентлар, сизнинг ҳали Олий ўқув юртига ўқишга кириш имкониятингиз бор!
09:55 8714 Lifestyle
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 9116 Жамият
KUN.UZ хайрия акцияси: Жаҳонгирнинг бир оёғида операция ўтказилди, йигит барчадан миннатдор
19:03 / 21.08.2017 9887 Жамият
Ўзбекистон қачонгача ривожланаётган давлатлар қаторида қолади?
16:20 / 21.08.2017 35212 Ўзбекистон
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 51672 Жамият
Пентагон раҳбари Ироққа эълон қилинмаган ташриф билан келди
12:26 40 Жаҳон
ОАВ: АҚШ Хитой фирмаларининг активларини музлатиб қўймоқда
12:24 307 Жаҳон
Ҳиндистон Олий суди мусулмон эркакларнинг «талоқ» сўзидан фойдаланишига вақтинчалик тақиқ қўйди
12:13 411 Жамият
Остона жараёни доирасидаги Сурия бўйича янги учрашув Остонада ўтказилмайди
12:10 317 Жаҳон
Тошкент вилояти аграрчилари қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминланади
Кўпроқ янгиликлар