Кириш имтиҳонларини ўтказиш жараёнини оптималлаштириш мақсадида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети кириш имтиҳонларига OMR Card System (оптик белгиларни таниш) тизимини жорий этади. Ушбу тизимдан илк бор 2017-2018 ўқув йили кириш имтиҳонларида фойдаланилади.

Корея Республикасидаги Инҳа университетининг ушбу ташаббуси Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори (IUT) Сарвар Бабаходжаев ва ҳамкор университетнинг раҳбарияти билан бўлган музокараларда муҳокама этилди.

IUT ректори Сарвар Бабаходжаев июль ойининг бошида Инчхон шаҳрига ташриф буюрди ва Корея Республикасидаги Инҳа университети Президенти Сунья Чой, Университет вице-президенти Инкё Чеонг ва Университет декани Ёнг Ми Анлар билан учрашувлар ўтказди.

Учрашувлар давомида томонлар 2017-2018 йили кириш имтиҳонларини юқори даражада ўтказиш бўйича фикр алмашдилар.

Музокаралар натижасида 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб IUT кириш имтиҳонларида оптик белгиларни таниш тизимини жорий этишга келишиб олинди. Ушбу тизим имтиҳон варақаларини баҳолаш жараёнини самарадорлигини ва шаффофлигини ошириш мақсадида жорий этилмоқда. Жанубий Корея университети махсус компьютер тизими ёрдамида абитуриентларнинг ишларини баҳолайди.

Шу билан бирга Корея Республикасидаги Инҳа университети Тошкент шаҳридаги Инҳа университети кириш имтиҳонларини ўтказишга жавобгар бўлган 13 нафар мутахассисини юборади. Бу эса кириш имтихонларининг объектив ўтишини таъминлайди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети кириш имтиҳонлари 20 ва 21 июль кунлари бўлиб ўтади.

Манба: inha.uz