Трамп Макрон ҳузурида меҳмонда: АҚШ ва Франция дўстлиги яна буюк бўладими?

Жаҳон 13 Июль 2017 7581
Фото: Getty Images

АҚШ президенти Доналд Трамп пайшанба куни Франциянинг бош байрами бўлмиш Бастилия кунидан бир кун аввал Парижга — президент Эммануэль Макрон билан учрашишга етиб келди.

Бу йил АҚШнинг биринчи жаҳон урушига қўшилганига 100 йил тўлади ва Бастилия кунида ўтказилувчи парадда французлар билан биргаликда америкалик ҳарбийлар ҳам иштирок этади. 

Қайси президент парадни севмас экан? Айниқса, бу парад бирор-бир инқилобий воқеа шарафига ўтказилса.

Икки ой муқаддам француз кибор доираларида инқилоб ташкиллаштирган Макроннинг кўнглига Француз инқилобини нишонлаш учун ўтказиладиган парадга Атлантика океанининг нариги қирғоғидан бошқа бир инқилобчини чақиришни худо солганга ўхшайди.

Боз устига, бу йилги парад француз ва америкалик аскарлар елкама-елка жанг қилган чоғларни ёдга солиши керак, бу эса икки давлат ўртасидаги шахсий ва сиёсий алоқалар ёмонлашган вақтда жуда зарур ҳисобланади. 

Ҳозир биродарлик ва бирдамликни ушлаб туриш жуда қийинлашиб қолган замон.

Тарихда иттифоқчи давлатлар раҳбарлари Трамп ва Макрон қисқа вақт ичида намойиш этганчалик кўп зиддиятини кўрсата олмаган бўлса керак.

Май ойида, НАТОнинг ноформал саммити олдидан Макрон камералар қаршисида Трампнинг ўзига хос қўл сиқиб, «тортиб қўйиш» усулида ундан илгарилади ва Америка президентининг қўлини шунақанги сиқиб қўйдики, бечора Трампнинг суяклари оқариб кўриниш берди — яна Эммануэль бир неча сония уни қўйиб юбормай турди.

Кейинроқ, Трамп ва Макронни таништириш учун ташкиллаштирилган ўша саммитнинг ўзида кўпчиликнинг наздида Макрон Америка президентининг кенг очилган қулочларига ошиқмасдан, бошқа етакчилар билан шошилмасдан кўришиб чиқиб, уни кутиб туришга мажбурлаб, масхара қилган.

Кейин Трамп иқлим бўйича Париж келишувидан АҚШнинг чиқишини эълон қилди. Макрон шу ондаёқ инглиз тилида видеомурожаат қилиб, шу соҳада ишловчи америкалик олимларни Францияга таклиф этган ва Трампнинг сайловолди шиорини бироз ўзгартириб, масхараомуз оҳангда қайтарган — «сайёрамизни яна буюк қилайлик», дея чорлаган.

Макрон ва Трампнинг муносабатлари бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас эди, эҳтимол. 

Уларнинг иккиси ҳам эски сиёсий кибор доираларнинг тартиб-қоидаларига ўзини боғлашни истамайди, иккиси ҳам кучли етакчи сифатида кўринишни истайди, боз устига, иккисининг орасида ҳаққоний сиёсий қарама-қаршиликлар ҳам бор.

Сиёсий рақиблари уйда Макронни ўз позицияларини мустаҳкамлаш мақсадида жаҳон етакчилари билан дўстлашишга ҳаракат қилаётганликда айблашади.

Дональд Трамп эса сайловда очиқчасига Макроннинг рақиби Марин Ле Пенга мухлислик қилган эди. Бундан ташқари, Россиянинг ҳам АҚШдаги, ҳам Франциядаги сайловларга таъсир ўтказишга уриниши борасидаги машмашалар булути ҳам алоқаларга кўланка ташлаб турибди. 

Баъзан, Трампга ҳам, Макронга ҳам омма олдида «уруш-уруш» ўйнаш ёқса керак, деган фикрга келасан киши.

«Бачканаликни бас қилиш керак»

«Ким кимнинг қўлини қаттиқроқ сиқарди, каби бачканаликни йиғиштириш керак, — деб ёзган Le Monde газетаси июнь ойида таҳририят мақоласида. — Балким, у (Макрон) Трампдан кутилмаган ҳаракат борасидаги монополияни олиб қўйган ҳамдир, лекин у жаҳонда Европанинг овози бўлмоқчи, бунинг учун имижга оид имо-ишора ва рамзлардан юқорироққа чиқиш керак».

Эммануэль Макрон жаҳон етакчиларига хушомад қилишни ўринлатаяпти, энг сўнгги вақтларда у Дональд Трампнинг ишончига кириш учун жуда тиришқоқлик билан ҳаракат қилмоқда. 

7 июлда «йигирмалик» саммитида кечки концерт олдидан Трамп ва Макрон ёнма-ён ўтиришди ва улар узоқ вақт нимадир ҳақида хушчақчақ суҳбат қуришди.

Франциянинг ёш ва тажрибасиз президенти ўз мамлакати вазнини жаҳон аренасида ошириш, ўз позициясини эса ватанида юксалтиришни жуда истайди.

Франция социалистик партияси бош котиби Жан-Кристоф Камбаделис журналистларга Макрон «ўз ғалабасини легитимлаштириш» учун «жаҳон етакчилари компаниясини қидираётгани»ни таъкидлаган ва Франция президентлиги сайловларининг биринчи турида Макрон сайловчиларнинг чорак қисмидан камроғининг овозига эга бўлганини эслатган.

Макрон Версалда Россия президенти Владимир Путинни қабул қилиб бўлди, энди ундан ҳам дабдабалироқ қадимий анъаналар билан йўғрилган шароитда Трамп кутилмоқда. 

Трампнинг мақсадлари

Трамп учун бу ташриф — у Трансатлантика алоқаларни нечоғлик қадрлашини, барча қарама-қаршиликлар ҳисобга олинса-да, Суриядаги можароларнинг ҳал этилиши, терроризмга қарши кураш ва НАТО доирасида биргаликдаги ишлар бўйича Франция билан ҳамкорликка қанчалик эътибор беришини кўрсатиб қўйиш имкониятидир.

Жума куни Бастилия куни билан биргаликда, Франция қайғули кунни ҳам нишонлайди — Ниццадаги терактга бир йил тўлади.

Бир йил аввал тунислик шахс юк машинасини Инглиз соҳилида Бастилия куни муносабати билан мушакбозликни кузатишга тўпланган одамлар устига ҳайдаган ва 86 кишининг умрига зомин бўлган эди.

Эммануэль Макрон жума кунининг иккинчи ярмида Ниццага учиб боради ва мотам маросимида иштирок этади. Шаҳарда хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Парижда ҳам хавфсизликнинг қатъий чоралари амал қилмоқда, боз устига, шаҳарга АҚШ президенти ташриф буюрмоқда.

Бу ташриф Франция-Америка муносабатларининг турли жабҳаларини — ўтмишда биргаликда қўлга киритилган ғалабаларни ҳам, келажакдаги альянсларни ҳам, ҳозирги умумий мақсадларни ҳам алоҳида қайд этиб бериши керак.

Кун янгиликлари
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 28674 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 15372 Жамият
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 56486 Жамият
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Украина банки сабаб ярим миллион долларсиз қолди
Пекин Вашингтонни Хитой компанияларга қарши санкцияларни бекор қилишга чақирди
00:40 2229 Жаҳон
Reuters: АҚШ Мисрга ҳарбий ёрдам бермайдиган бўлди
00:34 1728 Жаҳон
Эндиликда бутун маҳалла эмас, фақат қарздор истеъмолчи электр энергиядан маҳрум қилинади
00:23 6422 Жамият
Германияда Трамп боши шаклидаги гиёҳванд моддали таблеткалар аниқланди
00:21 1741 Жаҳон
Сербия Ҳиндистон ва Эрон фуқаролари учун визани бекор қилди
00:18 1341 Жаҳон
Суриянинг Хама вилоятига ҳаводан зарба берилиши оқибатида 50 киши ҳалок бўлди
00:06 1987 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар