Туркияда 2016 йил 15 июль куни амалга оширилган давлат тўнтаришига уринишнинг бир йиллиги муносабати билан кенг қамровли тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Шу муносабат билан Туркия Бош вазири девони ҳузуридаги матбуот ва ахборот бошқармаси ҳам медиа тур ташкил этди. Унда маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари билан учрашган Туркия адлия вазири Бакир Бўздоғнинг баёнот беришича, Усома бин Лодин АҚШ ва ЕИ учун қандай хавфли аҳамиятга эга бўлган бўлса, FETÖ етакчиси Фатҳуллоҳ Гулен Туркия учун шундайдир. Бу ҳақда тадбирда иштирок этаётган Кун.uz мухбири хабар берди.

Адлия вазири АҚШ ва ЕИга мурожаат қилар экан, FETÖ ташкилоти бўйича Туркия огоҳлантиришларини эътиборга олишга чақирди. 

Бакир Бўздоғнинг огоҳлантиришича, Америка ЕИ мамлакатлари FETÖ барча мамлакатларга хавф солаётгани борасидаги баёнотларига жиддий муносабатда бўлиши керак. "20 йиллар ичида улар Туркия бошдан кечирган синовлардан ҳам жиддийларига дуч келади, ўшанда Туркия ҳукуматига қулоқ солмаганига афсус қилади", - деди адлия вазири.

FETÖ тармоғи Туркия қуролли кучлари, ички ишлар ва адлия тизимлари каби мамлакат институтларига кириш бўйича узоқ давом этган сиёсат юритган. Тармоқ аъзолари бошқа давлатлардаги таълим тизимига ҳам ўз аъзоларини киритган. 

Адлия вазири, шунингдек, айрим ОАВларининг давлат тўнтаришига уриниш ҳукумат томонидан "назорат” қилингани ҳақидаги хабарларни инкор этар экан, бу маълумотларни “пухта ўйланган кампаниянинг бир қисми", деб баҳолади.

У барча мамлакатларни Туркияга нисбатан холис ва объектив бўлишга чақирди. 

Бўздоғ Туркияда қонунчилик ўрнига урғу берар экан, мамлакатда “исёнчилар учун алоҳида, оддий фуқаролар учун бошқа қонун мавжуд эмас”лигини қайд этди. 

Унинг айтишича, исёнчилар устидан суд мажлислари ошкора ташкил этилмоқда ва истаган киши мазкур ишлар бўйича маълумотлар билан таниша олади. 

Гулен ва FETÖ тармоғининг бошқа аъзоларини экстрадицияси борасида фикр билдирган адлия вазирининг сўзларига кўра, АҚШ ва ЕИ мамлакатлари бу борада керакли қадамларни ташлай олмаган. 

Эслатиб ўтамиз, 2016 йил 16 июлга ўтар кечаси амалга оширилган ҳарбий давлат тўнтаришига уриниш чоғида исёнчиларни ҳисобга олмаганда 250 киши вафот этган, 2 минг 193 киши турли даражада жароҳатланган.