Туркиялик вазир: Европадагилар Эрдўғанни диктатор сифатида кўрсатишга уринмоқда

Жаҳон 13 Июль 2017 5347
Фото: Kun.uz/ ©Sherzod Ikramutdinov

Туркияда мамлакат бош вазири девони ҳузуридаги матбуот ва ахборот бошқармаси томонидан 2016 йилнинг 15 июль воқеаларига бағишланган медиа тур доирасида навбатдаги учрашув ўтказилди. Унда Туркия оила ва ижтимоий сиёсат вазири Фотима Бетул Саём Кайя ҳам иштирок этди. Бу ҳақда тадбирда қатнашган Кун.uz мухбири хабар берган.

Вазирнинг журналистлар билан учрашувда маълум қилишича, давлат тўнтаришига уриниш юз берган кечада у мамлакат парламенти биносида бўлган ва эрталабки вақтларга қадар ўша ерда қолган. Шунингдек, у бир гуруҳ депутатлар билан парламентга қараб кетаётганда ўққа тутилганини ҳам маълум қилди. Улар парламентда тўнтаришга уриниш ҳолати қораланган декларацияни қабул қилишган. 

Тўнтаришга уриниш ҳолати бостирилганидан сўнг, эрталаб у оила ва ижтимоий сиёсат вазири сифатида ҳалок бўлганлар ҳамда жабрланганлар оилалари билан учрашган. 

Вазирнинг сўзларига кўра, ўша кеча демократия эркинлиги, конституциявий тартибни тиклаш, миллий ўзликни англаш нуқтаи назаридан жуда муҳим бўлган. “Туркия сўнгги 15 йил давомида жуда муҳим ислоҳотларни ўтказди. Ҳамда бу ҳолат ўша ислоҳотларни “бўғиб қўйиш” бўйича уриниш эди. Бироқ, ислоҳотлар курси давом эттирилади”, - деган Фотима Бетул Саём Кайя.

Бундан ташқари, вазирнинг сўзларига кўра, АҚШ ва Европанинг қатор давлатлари ҳеч қандай қўллаб-қувватловни амалга оширмаган, аксинча, улар ҳодиса нима билан якун топишини кутишган. Худди шундай ҳолат Нидерландияга ташриф чоғида ҳам кузатилгани айтилди. Вазир Нидерландияда яшовчи турк фуқаролари билан референдум масаласи бўйича учрашиши лозим бўлган, бироқ уни Туркия элчихонасига киритишмаган. “Европада Курдистон ишчи партияси тарафдорларига митинг ўтказишга рухсат берилади. Шу билан бирга, улар Эрдўғанни диктатор сифатида кўрсатишга уринмоқда. Аммо бу хато бўлишига қарамай, биз ҳамкорликдан воз кечганимиз йўқ”, - деган вазир.

Кўпроқ янгиликлар