Ўзбекистон Республикаси президентининг «Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллигини ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида»ги фармойиши эълон қилинди.

Фармойишга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича кўмита, Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Бухоро вилояти ҳокимлигининг 2018 йил сентябрь-октябрь ойларида Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллигини ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигини кенг миқёсда нишонлаш ҳақидаги таклифлари маъқулланган.

Тадбирларга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби тасдиқланган ва унга бир ой муддатда Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллигини ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш вазифаси юклатилган.

Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллигини ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигини нишонлашга бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилади, уларнинг ҳаёти ва ижодига оид нашрлар ҳамда уларнинг меросидан намуналар, жумладан, хорижий тилларда чоп этилади;

Зиёратгоҳларини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади.