Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ҳузурида қонунчилик муаммоларини ҳал қилиш институти ташкил этилишини таклиф қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 2017 йил 12 июль куни ўтказилган парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари фаолиятининг таҳлили ҳамда истиқболдаги вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилган.

«Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, Олий Мажлис таркибида муҳим бир тузилма, яъни илмий-амалий тадқиқот ва ахборот-таҳлилий фаолият олиб борадиган, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқадиган марказнинг йўқлиги бу борадаги ишларни юқори савияда ташкил этиш имкониятини бермаяпти. 

Илғор хорижий тажрибалардан келиб чиққан ҳолда, Олий Мажлис ҳузурида Қонунчилик муаммоларини ўрганиш институтини ташкил этишни таклиф қиламан. Бу институт парламент аъзоларининг буюртмасига асосан ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва хорижий тажриба бўйича таҳлилий маълумотлар ва қонун лойиҳаларини тайёрлаш ишлари билан шуғулланиши лозим. 

Бу нима учун керак? Бу институт депутат ва сенаторларнинг энг яқин ёрдамчиси вазифасини бажариши керак. Айни вақтда, Давлат бошқаруви академияси билан биргаликда депутатлар малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш ҳам фойдадан холи бўлмайди», дея президентнинг сўзларини келтирган ЎзА.