«Миллий тикланиш» демократик партияси 12 июль кунги видеоселекторда президент томонидан қилинган танқидий фикрларга муносабатини эълон қилди. Партия Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Мухамеджанова давлат раҳбари ўз маърузасида партия томонидан йўл қўйилган камчиликларни чуқур таҳлил этиб берганини эътироф этган.

Очиғини айтганда Президентимизнинг парламент ва сиёсий партиялар вакиллари билан учрашуви жонли мулоқот тарзида ўтди. Мамлакатимиз тарихида бу форматдаги учрашув илк маротаба ўтказилди.  

Биз Ўзбекистоннинг сиёсий тизимида янги давр бошланганлигини англаб етдик. Жамиятимизда ҳар бир соҳа каби сиёсий тизимни эркинлаштиришга Президентимиз алоҳида эътибор бермоқдалар. 

Давлатимиз раҳбари ўз маърузаларида “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан йўл қўйилган камчиликларни чуқур таҳлил этиб бердилар.

Мамлакатимизни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилиниб, тараққиётимизни янги даври бошланди. Лекин биз ҳалигача партиямиз дастурларига Ҳаракатлар стратегиясидан келиб чиқиб тегишли ўзгартиришлар киритганимиз йўқ. Бу эса фаолиятимиз ҳар куни ўзгараётган талабларга жавоб бермаётганлигини кўрсатади. 

Шу нуқтаи назардан Ҳаракатлар стратегиясидаги вазифалар асосида партия Дастурига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш олдимизда турган энг муҳим вазифалардан биридир.

Партиямиз сайловолди дастурида муҳим ўрин эгаллаган туризм соҳасини ривожлантириш, маданий меросни асраб авайлаш масалаларига етарли эътибор берилаётгани йўқ.  

Шу нуқтаи назардан “Туризм тўғрисида”ги ва “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунларга замон талабларидан келиб чиқиб, ўзгартириш киритиш бўйича таклифларимизни тайёрлаб, уни парламентда ҳимоя қилиб, албатта қабул қилинишига эришамиз.    

Маданият вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолияти устидан тизимли парламент назоратини амалга оширамиз. Мазкур йўналишда марказда партия фракцияси, ҳудудларда партия гуруҳлари ташаббускорлигини кучайтириб, ҳар бир депутатни ушбу жараёнга жалб этамиз. 

Партия тизимида ёшлар билан ишлашда хато ва  камчиликларимизни англаб етдик. Биз фақат уюшган ёшлар билан ишлаб, уюшмаган ёшлар, йўлдан адашиб, турли оқимларга кириб қолган ёшларни ўз назаримиздан четда қолдирганмиз.

Шундан келиб чиққан ҳолда, эндиликда партия ташкилотларимиз ва депутатларимиз билан биргаликда уюшмаган ёшлар билан алоҳида тизимли ишларни олиб борамиз. Уйма-уй юриб, улар билан мулоқотлар ташкил этамиз. Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда уларни таълим олишга, касб ўргатишга, бандлигини таъминлашга ҳаракат қиламиз.

Президентимизнинг барча билдирган танқидий фикрларини чуқур таҳлил этиб партиямиз депутатлари, фаоллари, экспертлари ва ходимлари билан биргаликда муҳокама қилиб, партиямиз тизимида янгича иш услубини йўлга қўйиб, одамлар билан мулоқот қилиб, уларни муаммоларини ҳал қилишга бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз. 

Феруза Мухамеджанова,
ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси ўринбосари