Эндиликда «Ювентус»нинг собиқ ҳимоячиси, «ПСЖ» билан икки йиллик шартнома имзолаган Дани Алвес Турин клубидаги муаммолари ҳақида айтиб берди. Унинг сўзларига кўра, унга кийим алмаштириш хонасида мусиқа эшитишига қўйишмаган.

«Менда баъзи муаммолар бошланди, менга майдондан ташқарида майдондаги каби муносабат қилишмади. Менга бу жамоага киришишим учун вақт керак эди. Кийим алмаштириш хонасида мусиқа қўйишимга рухсат беришмасди. Ахир мен мусиқасиз ва рақсларсиз яшай олмайман.

Мен телбароқман, тартибларни ўзгартиришни истайдиган одамман. Менга жамоада завқли муҳит бўлиши ёқади, бу жамоада эса ўзимни ёлғиз ҳис қилардим. Менга шубҳа билан қарашаётгандек бўларди. Вақт ўтиб аҳвол бироз яхшиланди, «Ювентус» эса ажойиб мавсум ўтказди», дея Алвеснинг сўзларини келтирган Football Italia.

Эслатиб ўтамиз, ушбу бразилиялик футболчи «Ювентус» билан шартномани узайтиришдан бош тортди ва эркин агент мақомида «ПСЖ» сафига келиб қўшилди.