UZ24 молиявий эксперт Александр Давлетов билан банкларга биржадан ташқари валюта бозорида операциялар ўтказишга рухсат берувчи, факт жиҳатидан олиб қаралса, турли курсларни қонунийлаштирган ҳукумат қарори хусусида гаплашди.

— Кўпчиликда Вазирлар Маҳкамасининг яқиндаги (30 июндаги №449-сонли «Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг баъзи қарорларига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги» — таҳ.) қарори билан банкларга бозор курсида валюта сотиш ҳуқуқи берилди, деган таассурот пайдо бўлди. Чиндан ҳам шундайми?

— Биринчидан, бу қарор гарчи ижтимоий тармоқларда ўша куниёқ маълум бўлиб улгурган бўлса-да, расман 10 июль куни — қабул қилинганидан 10 кун ўтиб эълон қилинди. Мавжуд меъёрларга кўра, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар матбуотда расман эълон қилинганидан сўнггина кучга киради. 

Иккинчидан, Марказий банк ва манфаатдор идораларга янги механизм ишлаб чиқиш ёки амалдаги ички меъёрий ҳужжатларни мувофиқлаштириш учун бир ойлик муддат берилади. Шу сабабли амалда тижорат банклари валютани бозор курсида сотиш ёки харид қилишга шошилмаяпти. Бизнинг банкларимиз МБга қулоқ тутмасдан, ўзбошимчалик билан бирор нарса қила олмайди. Нима бўлганда ҳам, ҳозирги пайтда мижозлари билан бозор курсида валюта олди-сотдиси билан расман шуғулланаётган бирорта тижорат банкини учратмадим. 

Биржадан ташқари валюта бозорида хорижий валюталарнинг харид қилиш ёки сотиш операцияларини ўтказиш тартиби ҳақидаги Низомнинг 19-банди бекор қилиниши ва 43-бандининг янги таҳрири туфайли энди банклар ўртасида ёки уларнинг мижозлари билан валюта олди-сотдисида бозор курси ўтган ҳафта давомида ўтказилган савдо сессияларида (масалан, Республика валюта биржасидаги) қайд этилган курсларнинг ўртача қиймати бўйича эмас, тўғридан-тўғри шартнома асосида белгиланади. Оддийроқ қилиб айтганда, бугунги кунгача банклар ўз мижозлари билан валюта олди-сотди операциялари ўтказишда МБнинг амалдаги курсидан максимум 2 фоизга фарқланувчи курсдан фойдаланишар эди. Шу қоидалардан конверсион карталар билан боғлиқ операцияларда ҳам фойдаланиларди. Масалан, 12 июль куни МБ доллар курси 1 долларга 4014,50 сўмни ташкил этган, Миллий банкнинг айирбошлаш/конверсион операциялар бўйича курси 1 доллар 4094 сўмга тенг.

Бу қоидалар юқорида қайд этилган қарор қабул қилинганга қадар мажбурий бўлган, чунки Ўзбекистон Халқаро валюта жамғармаси аъзоси ҳисобланади ва ХВЖнинг 8-моддаси шартларига кўра, аъзо мамлакат турлича курслар амалиётидан фойдаланмаслиги керак. Энди мана шу бозор курси талаб ва таклифдан келиб чиқиб белгиланиши ва конъюнктурага боғлиқ бўлиши лозим. У расмий курсдан анча, ҳаттоки бир неча баробар фарқ қилиши мумкин. Нақадар ғалати бўлмасин, айнан мана шу ҳолат тижоарт банкларининг шошилмаётгани сабабларидан биридир — МБ томонидан белгиланган расмий ҳамда бозор курсининг бундай тафовутида катта курс фарқи келиб чиқади ва у солиққа тортилади. 

Агар қандайдир вақтинчалик тартиб жорий этилмаса, тижорат банкларининг бозор курсида сотиб олиш ва сотиш курси орасидаги фарқ энг камида 200 сўмдан ортиқроқ бўлади (солиқ ажратмаларини қоплаш учун), шу сабабли улар харид ва сотиш орасидаги курс фарқи 50-70 сўм бўлган «қора» бозор билан рақобат қилишда қийналишади.

Янги шароитларда аниқлаштирилиб олиниши лозим бўлган яна бир ҳолат — жисмоний шахсларга валюта сотиш ва улардан харид қилиш масаласи. Маълумки, президентнинг «Жисмоний шахсларга хорижий валютани сотиш тартибини янада либераллаштириш чоралари ҳақида»ги қарорига кўра, жисмоний шахсларга хорижий валютани сотиш ва улардан харид қилиш халқаро пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Янги шароитларда хорижий валютани сотиш ва харид қилиш қандай юз беришини ҳам аниқлаштириш зарур бўлади.

Учинчидан, янги қарорга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг бошқа бир — «Валюта бозорини янада либераллаштириш ва айрибошлаш курсларини унификациялаш чоралари ҳақида»ги қарори ўз кучини йўқотди. Бу бандга ҳеч ким эътибор қаратмаган. Юқорида қайд этилган қарорнинг бекор бўлиши биз де-юре, тан олинган, турлича курслар даврига қайтаради. Аввалги даврда — 2003 йилнинг 11 июнига қадар Ўзбекистонда чиндан ҳам тан олинган, турлича курслар амалда эди, эркин конвертацияга ўтилиши билан барча курслар унификация қилинган эди.

— Турлича курслар сиёсати нечоғлик самарали?

— Турлича валюта курслари валютани тартибга солиш чоралари ҳисобланади ва ундан иқтисодиётда инқироз вазиятлари кузатилганида фойдаланилади. Миллий валюта айрибошланадиган турлича курсларнинг мавжудлиги шундай курслар амал қилувчи тизимга хос. Курслар орасидаги фарқ бир неча баробар ҳам бўлиши мумкин.

Турлича курслар экспорт ва импорт, давлат ва хусусий сегмент учун қўлланилиши мумкин. Қоидага кўра, имтиёзли курс тоифасига импорт қилинувчи озиқ-овқат маҳсулотлари, тиббий препаратлар, энг керакли истеъмол товарлари киради. Оширилган курс эса инқироз даврида устувор деб қаралмайдиган тоифага мансуб товарлар ва хизматларга жорий этиладиган ўзига хос фойда солиғи бўлади. 

Турлича валюта курслари иқтисодиётдаги вазиятни жуда бузиб кўрсатади — биринчи навбатда даромадларнинг тақсимланиши, ресурсларнинг жойлаштирилиши ва нарх ҳосил қилинишида.

Иқтисодиёт субъектларнинг бир қисми учун имтиёзли шароитлар яратиш сиёсати бошқалар учун ўйин қоидасини қатъийлаштирмасдан қолмайди. Бундан ташқари, турлича курсларнинг мавжудлиги валюта чайқовчилиги ва коррупцияга йўл очади. Турфалик борасида ХВЖнинг сиёсати ҳам ўзгармас: аъзо мамлакатлар турлича валюта курсларини жорий этишдан тийилиш мажбуриятини олишади, ундан фақат ўта зарур шароитларда ва қисқа муддатда фойдаланиш мумкин. Марказий банкимиз бу чораларни қандай тушунтиради, буниси менга қоронғу. Нима бўлганда ҳам, турлича курсларнинг жорий этилиши қисқа муддатли характерга эга бўлиши лозим ва бу сиёсат миллий валютанинг эркин конвертацияси билан якун топиши керак. Марказий банк ва ҳукумат кейинчалик қандай ҳаракат қилишини башорат қилиш қийин. Кўраверамиз.

— Бу қарорни валютани либераллаштириш сари ташланган қадам деб аташ мумкинми?

— Ҳа, ташқи савдо субъектларининг тижорат банклари иштирокидаги муқобил ва қонуний валюта бозорига рухсат олиши учун янги платформанинг шакллантирилиги — гарчи мен ҳозирча буни оқилона йўл дея олмасам-да, валюта бозорини эркинлаштириш сари ташланган қадам ҳисобланади. Нега? Чунки бу ердан шаффофлик ва очиқликнинг ҳиди ҳам келмаяпти: биз валютанинг бозор курси қандай шакллантирилаётганидан бехабармиз — талаб ва таклиф тўқнашувиданми ёки директив бюрократия асосидами; бу муқобил бозорга кириш учун қандай экспортчилар ва импортчиларга рухсат теккан — буниси ҳам номаълум. Эркин валюта маблағларига эга хусусий экспортчилар нега бизни бу ерга қўйишмаяпти, деб савол беришмоқда. Халқ истеъмоли товарлари экспортчилари, фойдаси йиғилиб қолган инвесторлар ҳайрон: нега уларга бу бозордан валюта харид қилиш мумкин эмас? Потенциал қатнашувчиларга рухсатни ким беради, қайси критерийлар бўйича? Яна бир савол: муқобил бозор билан боғлиқ тажриба қанча вақт давом этади, муддати борми? Бизнес ва бозорга аниқ сигналлар бериш керак-ку?! Республика валюта биржасида кимлар қолади? Арзон валюта харид қилиш учун кимлар кетиши, кимлар эса қолиши керак? Бу саволларнинг барчаси ҳозирча жавобсиз қолмоқда.

— У ташқи савдода ўзбек бизнесининг сифатида акс этадими? Ишбилармонлик фаолиятини енгиллаштирадими?

— Ҳа, муқобил бозорга кириш учун рухсат текканлар учун бу жуда катта тин олиш дегани. Агар у экспортчи бўлса, тушуми ошади, импортчи бўлса муддатдан ютади: Республика валюта биржасида ўз маблағларининг конвертланишини ойлаб, йиллаб кутмайди. Экспортчи учун ҳам, импортчи учун ҳам асосийси — бу легитим ва қонуний битимдир, чунки ҳар қандай ўзини ҳурмат қилувчи бизнес ўз фаолиятини қонуний майдон доирасида олиб боришни истайди. Валюта тушумига эга экспортчилар ва импортчилар илгари (муқобил бозорга кириш учун рухсат ололмаганлар учун — ҳозир ҳам) кўпинча импортчининг манфаатидан келиб чиқиб комиссия шартномаси имзолаш йўли билан келишишарди. Фақат шундай йўл билан экспортчи ўз валютасини сотар, импортчи эса импорт товарлар ёки хомашё сотиб оларди.

Бу ҳолатда ҳар икки тарафга ҳам исталган вақтда назорат қилувчи органлар солиқ, юридик ва молиявий масалалар бўйича текширишга келиб қолиши мумкин эди, чунки номукаммал қонунчилик хўжалик юритувчи субъектларнинг фойдасига ўйнамайди-да. 

Қайд этмоқ жоизки, йил бошида бизнесда эркин конвертация борасида пайдо бўлган юқори ишонч босқичма-босқич сўниб бормоқда, бизнес секин-аста янги шароитларга кўникмоқда — юқори рисклар ва узоқ муддатли битимларга ўзини урмаяпти, образли қилиб айтганда, у Кутувчи позициясини эгаллаб олган.

— Эркин конвертацияга ўтиш ҳақида гаплашар эканмиз, бу ҳолатда давлатнинг валюта захиралари етадими?

Бугунги кунда турлича курслар сиёсати танланган экан, бундай саволни қўйишга эрта. Очиқ ва шаффоф конвертация шароитларида валюта захиралари бирдан-бир мақсад эмас, оқилона монетар сиёсат ўтказиш қуроли бўлади. Албатта, популистик ва авантюрага йўғрилган сиёсат юргизиб, хорижий валютанинг паст курсини сақлаб туриш ва валюта захираларини қисқа вақт ичида харжлаб юбориш ҳам мумкин. Бироқ адекват ва оқилона сиёсат юргизиш, эркин бозорга ишониш, унинг қуролларидан фойдаланиш, рискларга жавоб қайтариш ва уларни бошқариш ҳам мумкин, шунда валюта захираларини етишмаслиги билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо юзага келмайди.