Париж суди Ниццада ўтган йилнинг 14 июль куни рўй берган теракт фотосуратларини эълон қилишни тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди, деб ёзмоқда The Local нашри.

Таъкидланишича, маҳаллий Paris Match ҳафталигининг сонларидан бирида террорчи Муҳаммад Буҳлол юк машинаси рулида Ниццадаги Англия соҳилбўйида кишиларнинг устига бостириб бориши тасвирланган суратлар эълон қилинган.

Суднинг фикрича, ОАВ ва интернетда ушбу фотосуратларни эълон қилиш “инсон қадр-қимматини камситиш”дир, Париж прокуратураси эса газетанинг ушбу сонини сотувдан олиб ташлашни талаб қилди.

Нашр муҳарририятининг маълум қилишича, фотосуратни “одамлар ҳақиқатни билиши лозимлиги” туфайли эълон қилган.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилнинг 14 июль куни Ниццадаги Англия соҳилбўйида Бастилия эгалланган Кунни нишонлаш чоғида юк машинаси кишиларнинг устига бостириб борилди, натижада 86 инсон ҳалок бўлди ва яна 300 дан ортиқ киши жароҳатланди.