Жорий йилнинг 4-9 июль кунлари Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки, Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси тикланиш ва тараққиёт Фонди раҳбариятидан иборат делегация Халқаро валюта жамғармасининг Вашингтондаги қароргоҳида ташриф билан бўлди.

Ташрифдан кўзланган мақсад – ХВЖ мутахассисларига 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги иқтисодий ислоҳотлар ҳақида объектив маълумот бериш, шунингдек, республика валюта тизимини янада либераллаштириш истиқболлари бўйича фикр алмашишдир.

Халқаро валюта жамғармаси директори Кристин Лагард Ўзбекистон ва ХВЖ ўртасидаги музокаралар якунини юқори баҳолар экан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига мактуб йўллади. Унда шундай дейилади: 

“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби олийларига 

Ҳурматли жаноб Президент,

Мен Сиз ва Сизнинг иқтисодий жамоангиз томонидан, Сиз иқтисодий ўсиш ва аҳолининг моддий фаровонлиги сифатини оширишда дуч келаётган ҳамда ортиб бораётган чақириқларни енгиб ўтиш учун Ўзбекистон иқтисодиётини ислоҳ этиш бўйича кўрилаётган саъй-ҳаракатларни чин дилдан олқишлайман. Сизни ишонтириб айтишим мумкинки, биз Сиз томонидан ислоҳотлар бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга техник кўмак ҳамда иқтисодий сиёсат масалалари бўйича тавсиялар тақдим этиш йўли орқали қўллаб-қувватлов тақдим этишга тўла тайёрмиз.

Жамғарма ходимлари ва Сизнинг жамоангиз ўртасидаги валюта сиёсатини ислоҳ этиш вариантлари бўйича учрашувнинг биринчи раунди бу ерда, ХВЖ қароргоҳида бир неча кун аввал бўлиб ўтганидан жуда хурсандман. Шунингдек, ходимлар жамоаси яқин вақт ичида Тошкентга ушбу ишни давом эттириш учун ташриф буюришидан ҳам хурсандман.

Ишончим комилки, Сизнинг жамоангиз ва ХВЖ ходимлари Ўзбекистонда инвестиция муҳитини такомиллаштириш мақсадида валюта тизимини либераллаштиришни бошқа йўналишлардаги ислоҳотлар орқали қўллаб-қувватлашга бағишланган кенг кўламли масалаларнинг муҳокамасини яқин вақт ичида ўтказишади. Улар орасида, иқтисодий статистикани яхшилаш бўйича чоралар бор, бу Ҳукумат ва сармоядорларга, асосланган қарорларни қабул қилиш имконини беради.

Президент жаноби олийлари, ишончим комилки, Ўзбекистон белгиланган ислоҳотлардан катта фойда олади ва Сизни яна бир бора ишонтириб айтишим мумкинки, биз Сизга ўзимизда бор бўлган барча қўллаб-қувватловни тақдим этамиз.

Халқаро валюта жамғармаси тақсимловчи директори Кристин Лагард”.