Йирик тадқиқот хулосаларига кўра, узоқ иш куни юрак касалликлари ва соғлиқ билан бошқа муаммоларга олиб келади. Натижалар European Heart Journal журналида эълон қилинди.

Лондоннинг Университет коллежи эпидемиологлари ишда ўтказилган вақт миқдори ва юрак хасталиги ўртасидаги боғлиқни аниқлаш мақсадида ўрта ёшдаги 85,5 минг кишининг маълумотларини йиғишди. Улар Буюк Британия, Дания, Швеция ва Финландиядан бўлишган. Тадқиқот иштирокчилари иш куни давомийлиги бўйича гуруҳларга ажратилди. Ўн йиллик кузатувларга кўра, ҳафтасига 55 соатдан ортиқ ишлайдиган иштирокчиларда аритмиянинг (юракнинг нотекис уриши) ривожланиш хавфи бошқаларга қараганда 40 фоизга кўпроқ бўлган.

Бундан ташқари, кўп ишлаш ортиқча вазн, қон босимининг ошиши, чекиш билан ҳам боғлиқ экан. Бу омилларнинг бари аритмиянинг ривожланишига туртки беради. Аритмия инсульт хавфини беш баробарга оширади, шу сабабдан тадқиқотчилар ҳаддан ташқари кўп ишламасликни тавсия этишмоқда.