13 июль куни Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида ўтган бир йил давомида Террористик давлат тўнтаришга бўлган уринишга доир тафсилотлар, унинг ортидаги кучлар ва ҳаракатни амалга оширган Фетҳуллаҳчи террор ташкилотига (FETÖ) қарши қилинган чора-тадбирлар ҳақида маълумот бериш мақсадида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Туркия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмат Башар Шен ўз маърузаси билан сўзга чиқди.

2016 йилнинг 15 июль куни Туркия Республикаси бирлигига таҳдид солган ва бугунгача энг йирик бўлган террорчилик ҳужуми содир этилди. Мазкур давлат тўнтаришини амалга оширишдан мақсад - президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга суиқасд уюштириш, конституцион тузум ва парламент тизимини ағдариш эди. 

Элчининг қайд этишича, Туркия халқи, бирлик-биродарлик ва ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиб, 2016 йилнинг 15 июлида содир этилган улкан ҳужумни бартараф этди. Турклар оғир ва таҳликали шароитда ўзининг ватанпарварлиги, кучли иродасини исботлади. Мамлакат бу оғир синовдан муваффақият билан ўтди. 

Тадбир давомида "Анадолу" агентлиги томонидан тайёрланган видеолавҳа ва фотосуратлар жамланмаси намойиш этилди. Унда давлат тўнтариши ҳақидаги маълумотлар ва воқеаларни тасвирловчи суратлар акс эттирилган. 

"Мазкур машъум воқеа оқибатида кўплаб бегуноҳ инсонлар қурбон бўлди. Тўнтаришга уриниш вақтида Туркия Буюк миллат мажлиси, Парламент, Президент қароргоҳи, Миллий хавфсизлик ташкилоти бинолари бомба остида қолди. 249 киши шаҳид бўлди, 2000дан ортиқ киши жароҳатланди. FETÖ террор гуруҳининг Туркиядаги таъсир кучи деярли йўқ қилинди. Бироқ у бошқа мамлакатларда ҳам ўз фаолиятини олиб боради. Ўзбекистон эса ундан келаётган хавф-хатарни ўз вақтида англаб, мазкур фаолиятга чек қўйгани эътирофга лойиқ. Афсуски, биз таҳдидни тушуниб етишга кеч қолдик", - дея таъкидлади Аҳмат Башар Шен.

Анжуман якунида журналистлар саволига жавоб берилди ва ҳар бир иштирокчига давлат тўнтариши вақтида вайрон қилинган Парламент биносидан қолган тош бўлаклари хотира белгиси сифатида тақдим этилди.