Анқара Россиянинг С-400 зенит-ракета комплекслари учун 2,5 млрд доллар тўлашга тайёр. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги Туркиядаги ўз манбасига асосланган ҳолда хабар қилмоқда

Туркиянинг юқори лавозимли мулозимининг маълум қилишича, келгуси йили мамлакат Россиядан 2та С-400 батареясини харид қилади. Кейинчалик, Туркиянинг ўзида яна шунча комплекс қурилади. "Рособоронэкспорт" вакили, ўз навбатида, бу битимни изоҳлашдан бош тортди, деб ёзади агентлик. 

Туркия аввал ҳам Россия ЗРКларини харид қилишга тайёр бўлган, бироқ НАТО позицияси сабабли битим амалга ошмаган эди. Анқара, шунингдек, Вашингтон босими туфайли Хитойнинг шу каби тизимларини харид қилиш режасидан воз кечишга мажбур бўлган эди, деб ёдга олади Bloomberg.

Гарчи, Россия қурол-яроғлари тизими НАТОникига мос келмаса-да, Туркия уларни альянс раҳбарияти томонидан қабул қилинган чекловлар амал қиладиган минтақалар, жумладан Арманистон, Греция ва Эгей денгизи соҳилларига жойлаштириши мумкин, деган агентлик манбаси. Бундан ташқари, Россия комплекслари "ўзиники-бегона" таниш тизимларига эга бўлмайди, бу эса қуроллардан ҳар қандай нишонни уриб туширишда фойдаланиш имконини беради. 

Мақолада айтилишича, бу Туркия НАТОдан юз ўгираётганини англатади. Сўнгги йилларда мамлакатнинг альянс аъзолари билан муносабатлари президент Эрдўғаннинг Ироқ ва Сурияга нисбатан бирмунча мустақил сиёсати туфайли мураккаблашди.