ХДП раҳбарларидан бири: “Одамларни қийнаб келаётган муаммоларни билмаган эдик, десак ёлғон бўлади"

Жамият 15 Июль 2017 7893

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоевнинг маълум қилишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг турли соҳа вакиллари  билан ўтказаётган учрашувлари, аниқ белгилаб бераётган вазифалари  нафақат ўша соҳаларга, балки бутун жамият ҳаётига туб ўзгаришларни олиб кирмоқда. 

“Ҳар биримиз эскича дунёқараш ва иш услубларидан бутунлай воз кечиш вақти келгани, мамлакатимиз тараққиётида бутунлай янги давр бошланганини тушуниб, ҳис қилишимиз лозимлигини кўрсатмоқда. Шу маънода Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилиши ҳам тарихий учрашувлардан бири бўлди.

Қанчалик аччиқ бўлмасин, тан олишимиз керак, сиёсий партиялар ва депутатлар фаолияти бўйича билдирилган барча танқидий фикрлар — айни ҳақиқат!

Ушбу камчиликларнинг сабаби нимада? Уларни бартараф этиш учун нима қилишимиз керак? Ҳар қандай баландпарвоз гаплардан олдин мана шу саволларга жавоб топишимиз лозим.

Партиямиз аъзолари ва фаоллари, депутатларимизни ҳисобга олсак, ярим миллионга яқин, катта потенциалга эга кучмиз. Лекин, очиқ айтиш керак, бу куч самарасиз ишлаб келмоқда эди. Бунинг энг асосий сабаби партия ташкилотлари, депутатлик бирлашмалари раҳбарларининг тушунчаси, ташаббускорлиги билан боғлиқ, десак, тўғри бўлади.

Йиллар давомида ташаббус қилишдан қўрқиш, тепадан рухсат кутиб ўтириш, катта-кичик раҳбарларнинг қош-қовоғига қараш каби иллатларга ўрганиб қолдик. Натижада сиёсий жараёнларнинг бошида туриши керак бўлган партиялар, сиёсий майдондаги заиф бўғинга айланиб қолди”, - деган Вафоев.

Унинг сўзларига кўра, йиғилишда билдирилган танқидлар, ҳаётий таклифлар депутатларни ушбу иллатлардан халос бўлишга,  руҳиятларини кўтаришга, масъулиятни оширишга, журъатли бўлишга даъват этган. 

“Мулоқотда нафақат танқидий фикрларни эшитдик, балки ундан катта куч олдик. Сайловолди дастуримизда жойлардаги ҳақиқий ҳолат ҳамда одамларни қийнаётган масалалар ўз аксини топмаган. Хўш, ҳаётимиздаги одамларни қийнаб келаётган муаммоларни билмасмидик? Билмаган эдик, десак ёлғон бўлади, албатта, билардик. Лекин ҳақиқий ҳолатни дастуримизга очиқ ёзишга, муаммоларни кўндаланг қўйишга бизда сиёсий журъат етишмаган.  Муаммоларни силлиқлаб, сайқал бериб, номига ёзишга ҳаракат қилганмиз. Натижада дастуримиз жойлардаги ҳақиқий ҳолатдан ва одамларни қийнаётган масалалардан йироқ ҳамда оддий сайловчиларга тушунарсиз бўлиб қолган. Бунинг оқибатида жамиятда таъсир кучимиз қандай даражадалиги ҳаммамизга маълум”, - дейди Вафоев.

Албатта, партия дастури қотиб қолган ҳужжат эмас. Жамиятдаги ислоҳотларга ҳамда электорат талабларига мос равишда дастурий вазифаларни қайта кўриб чиқиш керак. Президент маърузасида таъкидланганидек, Ўзбекистон ХДП ўз сайловолди дастурида аҳоли ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг (пенсионерлар, ногиронлар) манфаатларини ҳимоя қилишни мақсад қилиб қўйган. Лекин уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида партия томонидан бирорта ҳам қонун ташаббуси ёки парламент назорати бўйича ташаббус бўлгани йўқ. 

“Тан олиш керак, партиямизнинг сайловолди дастуридан ўрин олган масалаларнинг аксарияти давлат раҳбари ташаббуси билан киритилаётган қонун ҳужжатлари орқали ўз ечимини топмоқда. Фракциямиз мазкур ҳужжатларни қўллаб-қувватлаш ва айрим таклифларни билдириш билан чекланиб қолмоқда.

Долзарб ижтимоий масалаларни атрофлича ўрганиб, сессиялар муҳокамасига олиб чиқиш борасида маҳаллий Кенгашлар депутатларининг фаолияти ҳам талабга жавоб бермайди. Чунки партия ташкилотларимиз томонидан уларга амалий ёрдам кўрсатилмай келаётганди. Фаолиятимиздаги ушбу камчиликларни бартараф этиш учун партиямизнинг ташкилий структурасини тубдан қайта кўриб чиқяпмиз.

Маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз фаоллигини ошириш, электорат вакиллари билан яқин мулоқот ўрнатиш, уларнинг муаммоларини чуқур ўрганиш ва ҳал этиш бўйича самарали механизм яратишга ҳаракат қилмоқдамиз. Ушбу мақсадларда партиямиз Марказий Кенгашида алоҳида бўлим ташкил қилиниб, раис ўринбосари лавозими жорий этилди.

Партиямиз сайловолди дастури асосида электоратимизни безовта қилаётган муаммоли масалалар ечимига қаратилган таклифлар билан чиқиш юзасидан фракциянинг ташаббускорлигини кучайтириш чоралари ҳам кўрилади.

Мулоқотда билдирилган танқидий фикрлар, таклифлардан ҳар бир сиёсий партия, ҳар бир депутат манфаатдор. Шунинг учун ўзимизга кўп хулосалар чиқариб олдик. 

Энг асосий хулоса – фидоий бўлиб ишлаш керак! «Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!», деган сўзларни юрагимизга жо қилиб ишлашимиз керак!”, - ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари.

Кун янгиликлари
Ўзбекистон делегацияси Бишкекда, хорижга чиқиш паспорти дараги, лотин ва кирилл машмашаси ҳамда куннинг бошқа хабарлари
20:40 / 16.08.2017 14413 Жаҳон
Соч тўкилиши нега ёшариб кетмоқда – мутахассис жавоб беради
10:01 / 16.08.2017 68199 Жамият
Кун.uz офис изламоқда
15:48 / 06.08.2017 37096 Lifestyle
"Реал" Испания Суперкубоги соҳиби!
04:08 614 Спорт
Қирғизистонлик собиқ депутат Омурбек Текебаевга 8 йиллик қамоқ жазоси берилди
01:27 1015 Жаҳон
Саакашвили Украинага қачон қайтишини маълум қилди 
01:15 1590 Жаҳон
Абдулла Арипов: «Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорлигига халақит берувчи тўсиқлар бартараф этилади»
Роналду 5 ўйинга дисквалификация қилингани ҳақида: бунинг отини атайлаб қийнаш дейилади!
01:07 1608 Спорт
Давлат ва ОАВ: ахборот майдонида ҳаммага тенг шароит яратилиши керак
Шерзод Шерматов: "Келгуси йилда тест жавоблари ўша куниёқ эълон қилиниши мумкин"
Кўпроқ янгиликлар