Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари фаолиятининг таҳлили ҳамда истиқболдаги вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. 

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев маъруза қилди. Унинг айтишича, Олий Мажлиснинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш, қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга давлат дастурларининг ижросини сўзсиз таъминлашга қаратилган ишларни ҳам етарли, деб бўлмайди.

2017 йилнинг ўтган даврида Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан вазирлик ва идораларга юборилган жами 284 та депутатлик сўровидан 100 тасига қонунда белгиланган муддат бузилган ҳолда жавоб берилган. 24 тасида эса умуман жавоб берилмаган. 

“Нима учун Қонунчилик палатаси қўмиталари, партия фракциялари бундай ҳолатларга нисбатан тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида ўз муносабатини билдирмаяптилар. Депутатга беписандлик – халққа беписандлик, деб баҳоланиши шарт. Депутатлик сўровини кўриб чиқмаган ёки унга жавоб бермагани учун жавобгарликни кучайтириш лозим”, - деди Мирзиёев.