Мисрнинг Ҳургада шаҳридаги меҳмонхоналаридан биринчи пляжига уюштирилган ҳужум оқибатида 2 сайёҳ аёл ҳалок бўлди, 4 киши яраланди. Маҳаллий ОАВ эса воқеанинг 3 сабаби ҳақида ёзмоқда. 

Мазкур хуружни амалга оширган 28 ёшли Абдул Раҳмон Шабон дунёнинг кўплаб мамлакатларида тақиқланган ИШИД аъзоси бўлиши мумкин. Бу ҳақда "Сада ал-Балад" портали Миср хавфсизлик органларидаги манбасига таянган ҳолда хабар қилмоқда. Жиноятчи, нашрнинг ёзишича, ИШИД ғояларига ишонган ва сўроқ вақтида "шариат қонунлари асосида яшагани"ни айтган. 

Бундан ташқари, у немисча билган ва ҳужумдан аввал хорижликлар билан мулоқотда бўлган. Шу билан бир вақтда, Мисрнинг бошқа бир интернет сайти Elmwatin ҳам хавфсизлик идораларига асосланиб, ҳужум турмушдаги келишмовчилик натижасида келиб чиққан бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзди. Бунда мисрлик ва украиналик аёллар ўзаро жанжаллашиб қолган. Шундан сўнг, мисрлик аёлнинг эри рафиқасини хафа қилганлардан ўч олган. 

Учинчи тахминга кўра, жиноятчи руҳий хаста бўлган ва ҳужум вақтида нима қилаётганини англаб етмаган. 

Миср ҳукумати эса, ҳозирча, фожиа бўйича расмий маълумот берганича йўқ. Жиноятчи ушланган, у кўрсатмалар бераётгани аниқ.