Россия федерациясининг Туркия жумҳуриятидаги янги элчиси Алексей Ерхов хизмат вазифасини ўташ учун Анқарага етиб келди. У мамлакат парламентида давлат тўнтариши уринишига бир йил тўлиши муносабати билан ташкил этиладиган махсус йиғилишда қатнашади. Бу ҳақда РФнинг Туркиядаги элчихонаси пресс-атташеси Александр Лешуков РИА Новостига маълум қилган. 

Жорий йил июнь ойида РФ президенти Владимир Путин Ерховни Россиянинг Туркиядаги элчиси этиб тайинлаган эди. Ерхов аввалроқ Мисрдаги элчихонада ишлаган, кейинроқ Россиянинг Истанбулдаги бош консули лавозимида фаолият юритган.

"Россиянинг янги элчиси Алексей Ерхов бугун Анқарага учиб келди. Аэропортда уни Туркия ТИВ Ҳужжатлар департаменти директори Шавқи Мутаваллиўғли кутиб олган. Ишонч ёрлиқларининг нусхалари душанба куни топширилади", — деган агентлик суҳбатдоши. 

Унинг қўшимча қилишича, ишонч ёрлиқлари топширилмаганига қарамай, Ерхов Туркия парламенти раиси Иброҳим Қаҳрамоннинг махсус таклифига биноан мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан келишилган ҳолда парламентнинг махсус йиғилишида қатнашади. 

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Туркиядаги аввалги элчиси Андрей Карлов 2016 йил 19 декабрда Анқарадаги кўргазма очилишида отиб ўлдирилган эди. Жиноятчи бир неча марта элчининг орқасидан ўқ узган, жароҳатлар унинг ўлимига сабаб бўлган. Полиция амалиётида қотил ҳам ўлдирилган эди.