2017 йилнинг 14 июль куни тахминан соат 19:00ларда Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан Мирзо Улуғбек тумани ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида, Қуюв-механика заводи мухандиси лавозимида ишловчи Файзи Абдураҳимов фуқаро Мафтуна Абдусаломованинг (жабрланувчининг анкета маълумотлари ўзгартирилган) ишончига кириб, ўзини Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институти ходими сифатида таништириб, унинг ўғлини мазкур олийгоҳнинг мансабдор шахсларига пора бериш йўли билан ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, бунинг учун ундан 8.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далил билан қўлга олинган. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабар берди.

Мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “а” банди (фирибгарлик, яъни анча миқдорда, ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш) ва 28, 211-моддаси 1-қисми (пора беришга далолатчилик қилиш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилган. 

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.

Олийгоҳга ўқишга кириш қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади. Шунингдек, бунинг учун пора берган шахслар ҳам Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноий жавобгарликка тортилишлари белгиланган.

Юқоридаги шахснинг хатти-ҳаракатидан жабр кўрганлар бўлса, «102» телефон рақамига ёки яқин атрофдаги ички ишлар органларига мурожаат этишлари мумкин.