КХДР АҚШ билан ядро дастури бўйича музокаралар ўтказмоқчи эмас

Жаҳон 16 Июль 2017 10129
Фото: © РИА Новости

КХДР АҚШ «душманона» сиёсатини бас қилмас экан, ўзининг ядро ва ракета дастурини бу давлат билан муҳокама этмайди. Бу ҳақда Корея Марказий телеграф агентлиги тарқатган баёнотга асосланиб РИА «Новости» хабар тарқатди.

«АҚШ шуни англаши керакки, ҳозирча АҚШ КХДРга нисбатан душманона ҳаракатларини бас қилмаяпти. Бу ҳолда КХДР ядро ва ракета дастури ҳеч қачон музокаралар мавзусига айланмайди. Корея ярим оролини ядро қуролидан холи ҳудудга айлантириш бўйича мулоқот имконияти бой берилади», — дейилган баёнотда.

Агентлик баёнотида шунингдек АҚШнинг КХДРга қарши «бандитларча ҳаракатлари», сайёрани бу мамлакатга қарши қуроллантириш кампанияси амалга ошмаётгани таъкидлаб ўтилган.

«Глобал ҳаракатлар ҳақидаги гап-сўзлар, суверен давлатни ўзини мудофаа этиш имкониятларига эгаликда айблаш Трамп услубидаги куч сиёсатининг яққол ифодасидир. АҚШнинг барчани уларга маъқул бўлмаган суверен давлатга қарши кампанияда қатнашишга сафарбар этишга уриниши замонавий дунёда ўтмайди», — дейилади баёнотда.

4 июль куни КХДР марказий телевидениеси биринчи минтақалараро «Хвасон-14» баллистик ракетасининг синови муваффақиятли ўтганини маълум қилди. 5 июль куни эса БМТ Хавфсизлик кенгаши Корея ярим оролидаги вазият юзасида фавқулодда йиғилиш ўтказган эди. Унда АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Хейли Пхеньянга қарши куч ишлатиш борасида таҳдид қилган, шунингдек, мамлакатга қарши санкциялар бўйича резолюция тайёрланиши ҳақида хабар берганди.

Кўпроқ янгиликлар