Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида талаба-ёшлар ташаббуси билан “Ҳаракатлар стратегияси” ахборот хоналари фаолияти йўлга қўйилди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳамкорлигида “Ҳаракатлар стратегияси” ахборот хоналарининг расмий очилиши ҳамда “Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. 

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Дилмурод Набиев, университет ректори Авазжон Мараҳимов, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Акмал Бурханов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси депутати, бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси ўринбосари Алишер Қодиров, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Иқболжон Мирзалиев ҳамда талаба-ёшлар иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар президентнинг шу йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да халқимиз ҳаёт даражасини юксалтиришнинг аниқ механизмлари белгилаб берилганлиги тўғрисида фикрларини билдириб, ушбу стратегиянинг нафақат халқимиз, балки дунё жамоатчилиги эътиборини ўзига жалб этган муҳим ҳужжатга айланганлигини алоҳида таъкидладилар. 

“Ҳаракатлар стратегиясида таълим сифатини ошириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш масалалари алоҳида ўрин эгаллайди. Бу борада Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ҳам амалий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ёшларнинг билим ва иқтидорини чуқурлаштириш, уларнинг келгусида малакали кадрлар бўлиб Ўзбекистонни янада ривожлантиришдаги иштирокини таъминлаш мақсадида таълим жараёнига замонавий ёндашувлар жорий этилмоқда” – дейди биз билан суҳбатда тадбир иштирокчиларидан бири, университет талабаси Абдулатиф Абдурауфов.

Тадбир сўнгида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ўзаро ҳамкорлик битими имзоланди.

Ҳаракатлар стратегияси хоналари фаолиятинидан кўзланган асосий мақсад - Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясига янада кенгроқ жалб қилишдир. 

Барча қулайликларга эга, замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган мазкур хоналарда Ҳаракатлар стратегияси мақсад ва вазифалари, бу жараёнда ёшларнинг ўрнига бағишланган кўргазмали материаллар жой олган. 

Ахборот хоналарида фаолият олиб борувчи кўнгиллилар Ҳаракатлар стратегияси доирасида ўтказиладиган тадбирлар ҳақида маълумот тарқатиш, турли мавзуларда сўровномалар ўтказиш орқали жамоатчилик фикрини ўрганиш, семинар ва тренинглар ташкил қилиш, ёшларни турли  дастурлардаги иштирокини кенгайтириш ва яна бошқа кўплаб вазифалар билан шуғулланади.

Хулоса қилиб айтганда, университетда “Ҳаракатлар стратегияси” ахборот хоналарининг фаолият юритиши талаба-ёшларнинг жамиятимизда бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёндаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади.