Японияда ҳукм сураётган жазира ҳаво ҳарорати туфайли 610дан ортиқ киши шифохоналарга ётқизилди. NHK телеканалининг хабар қилишича, мамлакатнинг 47 префектурасида 613 киши иссиқ уришидан шифохоналарга олиб келинган.

Жабрланганларнинг аксарияти Саитама (55 киши), Фукуока (47 киши), Осака (40 киши) префектураларига тўғри келади. Токиода 29 киши жабрланган. 

17 июлда айрим минтақаларда ҳаво ҳарорати 37 даражагача кўтарилган. Хусусан, Гумма префектураси шаҳарларида ҳарорат 37,1 даражагача қизиган. Саитама ва Оитада 36 даража, пойтахт Токиода 35 даражага етган. 

Метеорологларнинг огоҳлантиришича, жазира ҳаво ҳароратии 18 июлда ҳам сақланиб қолади. Шу муносабат билан мутахассислар фуқароларга ҳаво совутгичлардан фойдаланиш, очиқ ҳавода кўп қолмаслик ҳамда кўпроқ сув ичишни тавсия қилишмоқда.