Жорий йилнинг 9-10 август кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Ёшлар – келажак бунёдкори” шиори остидаги уюшмаган ёшлар билан олиб борилаётган ишларда натижадорликка эришишнинг илмий-амалий масалаларига бағишланган республика конференцияси ўтказилади. У Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон “Маҳалла хайрия жамоат фонди томонидан ташкил этилмоқда.

Конференция иши қуйидаги йўналишларда ташкил этилади: уюшмаган ёшлар ижтимоий қатламини ўрганишнинг илмий-назарий асослари; уюшмаган ёшлар билан ишлаш: Ўзбекистон ва хориж тажрибаси; уюшмаган ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, қайта тайёрлаш ва бандлигини таъминлаш масалалари; уюшмаган ёшлар билан олиб борилаётган ишларни тизимли ташкил этишда давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигини такомиллаштириш масалалари; уюшмаган ёшлар билан олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш масалалари.

Конференция учун материаллар — 2017 йилнинг 25 июль кунига қадар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида (Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси 11-уй) қабул қилинади.

Тақдим этиладиган материалларга қўйиладиган талаблар:

— илмий мақолалар конференция йўналишларига оид долзарб мавзуларда, илмий таҳлилларга суяниб, тугалланган фикрлар асосида тегишли таклиф ва тавсиялар тақдим этилган ҳолда бўлиши лозим;

— тақдим этилаётган илмий мақолалар соҳа бўйича етук мутахассисларнинг камида битта тақризи билан қабул қилинади.