Франциянинг Атлантика океани соҳилида жойлашган Леж-Кап-Ферре коммунаси (Жиронда департаменти)даги шаҳар чўмилиш ҳавзасида улкан тошбақанинг ўлиги топилди, деб хабар қилмоқда РИА Новости.

Шаҳар ҳокими Мишель Саммарчеллининг Франс Пресс агентлигига маълум қилишича, гап тошбақанинг узунлиги 1,65 метр, вазни 300-350 кг келадиган тури ҳақида бормоқда. 

Шаҳар коммунал хизматлари тошбақани соҳилдан олиб ташлаш учун экскаватордан фойдаланган. Тошбақани вақтинчалик бошпанага келтиришган, бу ерда уни Ла-Рошели денгиз аквариуми обсерваторияси мутахассислари кўздан кечиришади.

Аквариумнинг денгиз тошбақаларини ўрганиш маркази раҳбар Матьё Кутаннинг айтишича, ҳайвон ўлимига нима сабаб бўлгани унинг танаси очиб кўрилганидан сўнг маълум бўлади. 

Жонивор ошқозонига пластмасса буюми киргани сабабли ҳаётдан кўз юмгани тахмин қилинмоқда. 

Терили тошбақа бугунги кунда тошбақалар оиласининг энг йирик вакили ҳисобланади. Унинг узунлиги 2,5 метрга етиши, вазни 900 кгдан ортиши мумкин.