Исроил ҳукумати Россия ва АҚШнинг Сурияда вақтинчалик барча отишмаларни тўхтатиш борасида келишувини олқишламади. Бу ҳақда Исроил бош вазири Бенжамин Нетаньяху Франция президенти Эммануэль Макрон билан учрашувдан кейин айтган.

Доналд Трамп ва Владимир Путин Ҳамбургдаги катта йигирматалик давлатлари раҳбарлари йиғилишида Сурияда вақтинчалик барча турдаги отишмаларни тўхтатиш бўйича келишувга эришган эди. Исроил раҳбари эса Макрон билан учрашувдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида журналистларга Исроил бу келишувга қарши туришини айтган.

Нетаньяхунинг айтишича, отишмаларнинг тўхташи минтақада Эроннинг позициясини мустаҳкамлайди ва улар имкониятдан фойдаланиб, террорчиларга кўмак беришади. Исроил Эронни террорчиларнинг асосий ҳомийси деб ҳисоблайди.

Бугун Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Исроилнинг келишувга қаршилиги ҳақидаги саволни изоҳлашдан бош тортди.

Бундай ҳолат эса биринчи марта бўлаётгани йўқ. Исроил аралашган жуда кўп воқеалар изоҳланмай қолиб кетади. Хусусан шу йилнинг 24 июнь куни Исроил Сурия армияси томон ҳаво зарбаларини берганди. Бунга сабаб сифатида узоқ вақт давомида Сурияники бўлган ва охирги йилларда Исроил тасарруфига ўтган Голан тепаликларига Сурия томонидан бир нечта снарядлар келиб тушгани айтилган. Исроил ҳаво кучларининг зарбалари на АҚШ ва на Россия томонидан қораланган эди.