Мадрид шаҳридаги кўнгилочар боғда жойлашган аттракционда якшанба куни кундузи рўй берган ҳодиса оқибатида жабрланганлар сони 33 кишига етди, деб хабар бермоқда EFE агентлиги.

Бундан аввал 26 инсон жабрлангани, улар орасида болалар ҳам бор экани хабар қилинганди. Барча жароҳатлар енгил даражада экани айтилмоқда.

Ҳодисага “Кондан поезд” америка баландликлари аттракционида иккита составнинг тўқнашиб кетгани сабаб бўлди. Гувоҳларнинг айтишича, улардан бири тўхтаб қолган, ортидан келаётган иккинчиси эса тўхташга улгурмаган. "Кишилар виртуал реаллик кўзойнакларида эди, ҳамда зарбани кутишмаганди", - дейишган гувоҳлар.

Аттракционлар боғи маъмуриятининг таъкидлашича, америка баландликлари хавфсизлик текширувларидан ўтказилган эди.