Ўзбекистонда “Метрология тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинади. Тегишли қонун лойиҳаси ҚҲТБТ порталида муҳокама учун тақдим қилинган, деб ёзмоқда Norma.uz.

Лойиҳа янги атамалар таърифларини киритади:

•  қадоқланган товар – харидор ҳозир бўлмаганда ўралган, ичидагини уларни очмасдан ёки бузмасдан ўзгартириб бўлмайдиган товар;
•  метрологик кузатиш – ўлчов натижаси хусусияти бўлиб, унга мувофиқ натижа  калибрлашнинг ҳужжатли узлуксиз занжири орқали таққослаш учун асос билан ўзаро нисбати аниқланиши мумкин, уларнинг ҳар бири ўлчовлар ноаниқлигига ҳисса қўшади.

Амалдаги таҳрирдан фарқли ўлароқ, ҳужжатда метрологиянинг асосий вазифалари ва тамойиллари очиқланади. Бундан ташқари, “Ўзстандарт” агентлиги ваколатида давлат метрология назоратини ўтказиш тартибини ўрнатиш, Метрологияни ривожлантириш учун илмий-техникавий комиссия тузиш мустаҳкамланади.

Қонунчиликка кўра метрологик норма ва қоидалар бўйича норматив ҳужжатларни таслиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш ҳам “Ўзстандарт” агентлиги томонидан амалга оширилади.

Ўлчовлар ягоналигини таъминлаш бўйича норматив ҳужжатлар қуйидаги турларда бўлади:

•  ўлчов воситаларини қиёслаш услубияти;
•  ўлчовларни бажариш услубияти;
•  синов воситаларини аттестация қилиш услубияти.

Бунда ўлчовни бажариш услубиятлари:

•  кўрсаткичлар аниқлигини баҳолашни ўз ичига олиши;
•  ўлчовларни ўтказишнинг реал шароитларида аниқликни таъминлаши;
•  ўлчовларни бажаришнинг аттестация қилинган услубиятларига мувофиқ амалга оширилиши керак.

Ўлчов воситалари ва синов воситаларидан фойдаланиш бу воситаларнинг муайян қисмларидан фойдаланиш имкониятини чеклашни таъминлайди.

Метрологик хизматнинг янги шакли – республика давлат бошқаруви органларининг метрологик хизмати жорий қилинади (илгари давлат метрология хизмати ва юридик шахслар метрологик хизматларидан иборат эди). Улар зарур ҳолларда ўлчовларнинг ягоналигини  таъминлаш бўйича ишлар ва метрологик назоратни амалга ошириш учун ташкил этилади.

Давлат метрология назорати ўлчовлар ягоналигини таъминлаш соҳасида техник нормаларга, ҳужжатларга риоя қилинишини текшириш мақсадида амалга оширилади.  

Қонун лойиҳасида  Миллий метрология институти ҳам айтиб ўтилган.

Лойиҳа янги орган – метрологияни ривожлантириш бўйича илмий-техникавий комиссия тузишни кўзда тутади.  Бу агентлик ҳузурида шакллантирилаётган ўлчовлар ягоналигини таъминлаш бўйича эксперт маслаҳат органи бўлади. Унинг таркибига  вазирликлар, идоралар, агентликнинг, ОТМ ва Фанлар академияси вакиллари киради.

Лойиҳа ўзгартирилиши, тўлдирилиши ёки рад этилиши мумкин.