Сарраж: Ливиянинг 67 млрд доллар маблағи ғарб мамлакатлари банкларида музлатилган

Жаҳон 17 Июль 2017 6635
Фото : Виталий Зайцев

Айни вақтда Ливиянинг ғарб мамлакатларидаги банкларида музлатиб қўйилган маблағлари 67 млрд долларни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Триполидаги миллий бирлик ҳукумати раҳбари Фаёз Сарраж РИА Новостига берган интервьюсида баёнот берди. 

"У ердаги (ғарб банкларида) пул маблағлари 67 млрд долларга яқин. Улар орасида Ливия инвестиция компаниялари ва Марказий банки маблағлариям бор. Мазкур музлатилган активлар Ливия давлатига тегишли", — деган Ливия бош вазири ва президентлик кенгаши раҳбари.
 
Маълумки, Ливияга нисбатан қурол-яроғ эмбаргоси, ҳисоб рақамларини музлатиш ва сафар қилишга доир муддатсиз тақиқ амал қилади. Аввалроқ, Ливия ҳукумати Хавфсизлик кенгашига мурожаат қилиб, Ливия инвестициялар идораси (Libyan Investment Authority)нинг йўқотишлари ҳақида хабар қилган эди. Улар БМТ ХКдан музлатилган ҳисоб рақамларидан янги ҳисоб рақамларига маблағларни ўтказиш, ҳисоб рақамлари очиш ва ёпишга рухсат сўраган. БМТ ХК эса, иқтисодий чекловларни ўз кучида қолдирувчи резолюцияни қабул қилди. 

Миллий бирлик ҳукумати раҳбарининг сўзларига кўра, ҳукумат Ливия активларини музлатишни сўрамаган. Вазирлар маҳкамаси, Сарражнинг қайд этишича, "ушбу маблағлардан самарали фойдаланиш мақсадида уларни тасарруф этиш ҳуқуқини беришни сўраган".

"Мазкур маблағлар етарли бошқарилмагани сабабли Ливия давлатчилигининг йиллик йўқотиши 1 млрд долларни ташкил этмоқда. Буни қабул қилиб бўлмайди. Ушбу маблағларни бошқаришни музлатиш эмас, Ливия ҳукуматига қайтариш керак", — деган Сарраж.

Кўпроқ янгиликлар