Тошкент давлат аграр университетида ҳалқаро алоқаларнинг бугунги кундаги ривожи

Ўзбекистон 17 Июль 2017 2830

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПҚ-2909-сонли қарорида олий таълим муассасалари томонидан хориждаги етакчи турдош илмий-таълим муассасалари билан истиқболли ҳамкорлик алоқаларини яқиндан йўлга қўйиш, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган энг замонавий педагогик технологиялар, таълим дастурлари ва ўқув-методик материалларни кенг жорий этиш, илмий-педагогик фаолиятга юқори малакали чет эл ўқитувчилари ва олимларини жалб этиш, шунингдек, педагог кадрларнинг касб малакаси ва маҳоратини сифат жиҳатидан мунтазам ошириб бориш, педагог ва илмий ходимларнинг стажировкадан ўтишини йўлга қўйиш, олий таълим муассасалари битирувчиларини PhD дастури ва хорижий магистратура дастурлари асосида ўқитиш каби вазифалар белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2909-сон қарорининг 1-бандида кўзда тутилган олий таълим муассасалари педагог кадрларининг хорижий мамлакатларнинг нуфузли университетларида малака ошириш, стажировка ўташ, магистратура ва PhD дастурлари бўйича ўқишларини ташкил қилиш борасида 2017-2021 йиллар мобайнида ТДАУ нинг жами 103 нафар ўқитувчилари, тадқиқотчилари ҳамда талабалари хорижий университетларда малака ошириши, стажировка, магистратура ва докторантура дастурларини ўташи режалаштирилган.
2017/2018 ўқув йили мобайнида ТДАУ нинг 19 нафар ўқитувчиси малака оширишга, 1 нафар тадқиқотчи докторантурага ҳамда 1 нафар талабаси магистратурага ўқишга юборилиши кўзланган (жами 22 нафар).

Тошкент давлат аграр университети бугунги кунда дунёнинг ривожланган АҚШ, Германия, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Россия каби давлатларининг олий таълим таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари билан 30 дан ортиқ шартнома ва меморандумлар имзолаган. Тузилган ҳамкорлик шартномаларига асосан 6 нафар юқори малакали олимлар ва мутахассислар 2016-2017 ўқув йилида педагог кадрларнинг қайта тайёрлаш курсларига жалб этилди, 1 нафар талаба Жанубий Кореянинг Конгжу университетига 1 йил муддатга ўқишга юборилган, 2 нафар катта илмий ходим изланувчи Италиянинг Пиза университетига 3 ойлик малака ошириш курсига ўқишмоқда, 3 нафар талаба Латвия қишлоқ хўжалик университетига 1 ойлик стажировкада бўлишди, Германиянинг Бавария фермерлар уюшмасига 12 нафар талаба, Россия Федерациясининг Жанубий Урал давлат аграр университетига 55 нафар талабалар 6 ойлик ишлаб чиқариш амалиётларини ўташ учун ҳамда ўзаро тажриба алмашиш мақсадида юборилган. Ушбу талабалар ишлаб чиқариш амалиётидан сўнг ўзларининг ҳохишига кўра ушбу давлатларда магистратура мутахассисликларида ўқишлари учун имкониятлар яратилади.
 

Кўпроқ янгиликлар