Хабарингиз бор Кун.uz таҳририятининг ижодий жамоаси Қашқадарё вилоятида бўлиб қайтди. Мазкур ташриф давомида вилоят аҳолиси томонидан йўлланган мурожаатлар билан яқиндан танишилди. Ана шундай мурожаатлардан бири Шаҳрисабз тумани Мираки қўрғончаси аҳолисидан таҳририятимизга йўлланган эди.

Маълумки, вилоятдаги Мираки қўрғончаси табиати сўлимлиги билан ажралиб туради. Шу боис бу ерга ҳордиқ чиқариш мақсадида Ўзбекистоннинг турли чеккаларидан ташриф буюришади. Аммо мана шу табиати гўзал ва боҳаво гўшанинг чиройига путур етказиб келаётган сабаблар киши кўнглини ғаш қилмасдан қолмайди. Бугунги кунда мазкур қўрғончада жойлашган кўп қаватли уйларнинг канализацияси таъмирталаб бўлиб, улардан чиқинди сувлар сизиб чиқмоқда ҳамда аҳоли истеъмол қиладиган ариқларга бориб қўшилмоқда.

“Аниқ айтишим мумкинки, уч йилдан буён мана шу канализация таъмирталаб бўлиб, ундан ифлос сув сизиб чиқади”, дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири. “Тозалаш ишлари юзаки қилинади. Бу чиқинди сув бориб қўшиладиган ариқ сувидан биздан қуйида жойлашган тўрт-беш қишлоқ аҳолиси истеъмол қилади”.

Ташриф давомида маълум бўлдики, маҳаллий аҳоли вакилларини канализациядан ташқари, чиқинди муаммоси ҳам қийнаб келади. Аниқроқ айтадиган бўлсак, чиқинди оладиган махсус транспорт бу ерга келмайди. Шу сабаб чиқиндилар уюми узоқ туриб қолиши оқибатида аҳолига жуда катта ноқулайлик туғдирмоқда.

Канализация масаласи юзасидан Республика “Сувоқава” ДУК Шаҳрисабз тумани филиали раҳбари Адҳам Юсуповга юзландик. 

“Мираки шаҳарчасида 1979-1985 йилларда “Ҳисорак” сув омбори қурилган бўлиб, мазкур қурилиш муносабати билан у ерда ишлаган ишчилар учун 20 га яқин турар-жой биноси қуриб берилган. Ушбу турар-жойга 9,1 км. масофага канализация қувури тортилган. Йиллар ўтиб, “Ҳисорак” сув омбори қурилишида ишлаган ишчиларга мазкур турар-жой бинолари хусусийлаштириб берилган. Шу боис у ернинг канализацияси ҳам маҳалла балансида қолиб кетган. Қувурлар орадан йиллар ўтиб, ташқи муҳит таъсирига учраган ва таъмирталаб ҳолга келиб қолган”.

Адҳам Юсуповнинг таъкидлашича, мазкур канализацияни тўлиқ таъмирлаш ишлари 2021 йилда мўлжалланган. Бироқ бу кечиктириб бўлмайдиган иш бўлгани учун тегишли ташкилотларга хат орқали чиқилган ва таъмирлаш ишларини 2017 йилнинг иккинчи ярмидан бошлашга эришилган.

Жамият ҳаётида турли муаммолар учраб туради. Вақти-соати келиб, уларнинг ечими топилади ва ҳал этилади. Аммо айрим масалалар ортга суриб бўлмас ҳолатлар ҳисобланади. Жумладан, юқоридаги вазият ҳам. Чунки сув ҳаёт манбаи. У инсониятга, бутун борлиққа ҳаёт бағишлайди. Уни заҳарга айлантириш ва бунга лоқайдлик билан қараш эса ҳақиқий жиноятдир. Ўйлаймизки, юқоридаги ҳолат билан боғлиқ муаммолар қаерда бўлмасин тезкорлик билан ўз ечимини, албатта, топади.