2017 йилнинг 3 апрель куни тахминан соат 10:00ларда муқаддам судланган Алёна Ким Сергели тумани ҳудудида фуқаро Жавоҳир Байрамовнинг (жабрланувчининг анкета маълумотлари ўзгартирилган) ишончига кириб, унга Жанубий Корея давлатига ишлаш учун юборишда ёрдам беришини билдириб, алдов йўли билан ундан 3.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган. Бу ҳақда Тошкент ИИББ хабар берди.

Мазкур ҳолат юзасидан, Сергели тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (фирибгарлик, яъни хавфли рецидивист томонидан, ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилган. 

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда. 

Юқоридаги шахснинг хатти-ҳаракатидан жабр кўрганлар бўлса, «102» телефон рақамига ёки яқин атрофдаги ички ишлар органларига мурожаат этишлари мумкин.