«Барселона» ҳужумчиси Неймар «ПСЖ» билан музокараларни қайта тиклаган. AS нашри парижликлар жамоаси ушбу футболчини қўлга киритиш учун ҳисоб бўйича тўртинчи марта ҳаракат бошлагани ҳақида хабар тарқатди.

Қайд этилишича, жорий ҳафтада футболчининг агенти ҳисобланадиган отаси Францияга бориб, Париж жамоаси президенти Носир ал-Ҳелайфий билан учрашган. Қатарлик бизнесмен ушбу жараёнда шахсан иштирок этишни истаган. У футболчини кўндиришга ҳаракат қилмоқчи.

Нашрнинг эслатиб ўтишича, Неймарни яқинлари у «Мессининг соясида қолиб кетаётгани» учун «Барселона»дан кетишга ундамоқда.

«Мессининг ёнида бўлсанг, ҳамиша иккинчи бўласан. Сен ҳамиша сояда қоласан ва ҳеч қандай шахсий ютуқларга эриша олмайсан», дея Неймарнинг оила аъзоларидан бири сўзларини келтирган нашр.

Футболчи аввалги интервьюларидан бирида ўзи етакчиси бўлган жамоа Чемпионлар лигаси ғолиблиги учун даъвогар бўла олишини айтиб ўтганди.

«ПСЖ» эса бир неча йиллардан буён Чемпионлар лигаси ғолиби бўлишни мақсад қилиб келади.

Неймар якунланган мавсумда жамоа сафида 45 ўйин ўтказиб, 20 гол урди.

Ўтган ойда каталонлар жамоаси бир йилдан ортиқ муддат давом этган музокаралардан сўнг Лионель Месси билан 5 йиллик янги шартнома имзолаганди.

Неймарга «Барселона»дан кетишни маслаҳат қилишди