2016/17 йилги мавсумни «Барселона» рекорд даражадаги даромад билан якунлади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати вакили Жозеп Вивесга асосланган ҳолда Mundo Deportivo хабар тарқатди.

Иқтисодий ҳисоботга кўра, жамоа ўтган мавсумда рекорд миқдордаги даромадни қўлга киритган — 708 миллион евро. Шундан 18 миллион евро соф фойда.

Шунингдек, жамоанинг кредит қарзи камайган. Энди клубнинг 247 миллион евро миқдоридаги кредити қолган. Бу эса ўтган мавсумга нисбатан 24,5 миллион еврога кам. Ўтган мавсумда футболчиларнинг маоши даромаднинг 66 фоизини ташкил этган.

«Клубнинг молиявий кўрсаткичлари стратегик ўсиш режаларига мос бўлди», — дея баёнот берган Вивес.

«Барселона»нинг стратегик режасига кўра, клуб 2021 йилга бориб 1 миллиард евро даромад олиши белгиланган.

Forbes журнали ўтган мавсумда эълон қилган рейтингда «Барселона» 4-ўринни эгаллаганди. Журнал ушбу клуб қийматини 3,64 миллиард еврога баҳолаганди. «Даллас Ковбойс» (Америка футбол), «Нью-Йорк Янкиз» (бейсбол) ва «Манчестер Юнайтед» клублари энг қимматбаҳо жамоалар сифатида тан олинганди.