«Барселона» ҳужумчиси Неймар фаолиятини «ПСЖ»да давом эттириши ҳақида навбатдаги хабар тарқалди. Бразилиядаги Esporte Interativo нашри, ушбу бразилиялик футболчи парижликларнинг таклифини қабул қилгани ҳақида хабар тарқатди.

Сайтнинг расмий каналида Неймар «ПСЖ» футболкасида тасвирланган сурат жойлаштирилган.

Хабарда 25 ёшли бразилиялик футболчи учун парижликлар жамоаси 200 миллион евродан ортиқ маблағ тўлаши айтилган.

Портал маълумотига кўра, яқин вақтлар ичида трансфер ҳақида эълон қилинади.

17 июль куни ушбу бразилиялик футболчи Лионель Месси соясида қолиб кетаётгани туфайли каталонияликлар жамосидан кетмоқчилиги ҳақида хабар тарқалди. Кейинроқ Париж клуби ушбу футболчи учун унинг шартномасида кўрсатилган 222 миллион еврони тўлашга тайёрлиги тўғрисида хабар пайдо бўлди.

Кейинроқ каталонияликлар жамоасининг бир қатор вакиллари бу хабарларни рад этиб чиққанди.

Хусусан, жамоанинг спорт лойиҳалари бўйича вице-президенти Хорди Местре Неймар «ПСЖ»га ўтмаслиги 200 фоизга аниқ эканини маълум қилди.

Неймар «Барселона» сафига 2013 йили келиб қўшилганди. У ўтган вақт давомида каталонияликлар учун 186 учрашувда майдонга тушган, 105 гол уриб, 80 голга пас берган.

Футболчининг жамоа билан амалдаги шартномаси муддати 2021 йилгача тузилган.