Германиянинг иқтисодий тадқиқотлар институти ҳисоботига кўра, агарда ички ўт олиш двигателига эга автомобиллар 2030 йилдан бошлаб сотилмай қўйилса, бу немис автомобиль саноатига жиддий зарба бўлиб тушади. Ушбу ҳолат туфайли 620 минг иш ўрни қисқартирилиши мумкин, шу билан бирга, улардан 460 мингги – автомобиль саноатининг ўзида.

Шу тариқа, немис саноатидаги барча иш ўринларининг 10 фоизи таҳдид остида қолади. Ҳисоботга кўра, бутун немис саноатининг 13 фоизи ички ўт олиш двигателига боғланган, бу 48 млрд евролик суммага тенг. Бироқ, тадқиқотчиларнинг тан олишича, салбий эффект электромобиллар ишлаб чиқариш ва у билан боғлиқ бўлган соҳаларда иш ўринларининг ортиши туфайли деярли сезилмайди.

Турли давлатлар ички ўт олиш двигателларини тақиқлаш имкониятини кўриб чиқмоқда. Германия бундай тақиқни 2030 йилдан киритишни мўлжалламоқда. Шунингдек, Франция, Норвегия, Нидерландия ҳамда ЕИнинг бошқа мамлакатларида ҳам бундай чоралар тайёрланмоқда.