Иқтисодиёт вазирлиги қатор вазифаларни рўёбга чиқариш, шунингдек мавжуд муаммоларни чуқур таҳлил қилиш мақсадида тадбиркорларни ўз таклифларини махсус шакл бўйича юборишга чақирмоқда, деб ёзади Norma.uz.
 
Хабар берилишича, ҳозирги вақтда мамлакат раҳбариятининг топшириғига биноан тадбиркорлик субъектлари фаолиятидаги муаммоли масалаларни ҳал қилиш ва кичик бизнес, хусусий мулк ва тадбиркорликни жадал ривожлантиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
 
Хусусан, қуйидаги масалалар бўйича таклифлар тўпланмоқда:

•  солиқ солиш ва солиқ маъмурчилиги;
•  кредитлаш ва банк хизматлари кўрсатиш;
•  “ягона дарча” марказлари орқали давлат хизматлари кўрсатиш;
•  тадбиркорлик фаолияти учун  ер участкалари ажратиш ва қурилишга рухсатнома бериш;
•  муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш (электр, сув ва газ таъминоти);
•  корхонани ташкил этиш ва тугатиш (банкротлик) бўйича;
•  лицензия ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш;
•  маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш;
•  экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш;
•  савдо соҳасини такомиллаштириш;
•  товарлар ва хизматларни электрон тижорат орқали сотиш;
•  назорат органлари томонидан текширишлар ўтказиш;
•  хомашё, материаллар ва бутловчи қисмларни сотиб олиш имконияти;
•  транспорт-логистика хизматларидан фойдаланиш имконияти;
•  бозор инфратузилмасини (суғурта, лизинг, аудит ва б.) ривожлантириш;
•  бизнесни  йўлга қўйиш даврида қўллаб-қувватлаш;
•  ходимларни ёллаш ва бошқалар.

Тадбиркорлик секторини сўровдан ўтказиш мавжуд муаммоларни ҳал қилиш юзасидан таклифлар тўплаш мақсадида ташкил этилди.