Испания полицияси Европа бўйлаб от гўштини сотиш билан шуғулланиб келган жиноий тўдага қарши махсус амалиёт доирасида 65 кишини қўлга олиб, уларга нисбатан айблов эълон қилди. Гумондорлар истеъмолга яроқсиз, эски гўштларни сотиш, уларни меъёрлардан четланган ҳолда қадоқлашган. Европол томонидан эълон қилинган баёнотда шу ҳақда сўз боради.

Испания полицияси Европол билан ҳамкорликда қўлга олинганларни жониворларни таҳқирлаш, ҳужжатларни сохталаштириш, жамоат соғлиғига қарши жиноятларни содир этиш, пулларни ноқонуний йўллар билан ўтказиш ва жиноий гуруҳ аъзоси бўлиш каби жиноятларни содир этганликда айбламоқда. 

Мазкур суриштирув 2013 йили Европада авж олган от гўшти можароси билан бевосита боғлиқ экани таъкидланмоқда. Ўшанда, Ирландия озиқ-овқат хавфсизлиги давлат идораси ўзи ўрганган 27 та ҳамбургернинг 10 таси таркибидан от гўшти ДНКларини топган эди. 

Масалан, Буюк Британиянинг энг йирик чакана савдо тармоғи Tesco супермаркетида сотилаётган бургерларнинг 29 фоизида от гўшти аниқланганди. 

Қитъанинг 16 мамлакатидаги истеъмолчиларга маҳсулот етказиб берувчи Франция компанияси – Comigel ҳам можаро марказида қолганди. Унинг маҳсулотларида мол гўшти деб қадоқланган, музлатилган ярим тайёр маҳсулотларнинг 60 фоиз таркиби от гўштидан иборатлиги фош этилганди. 

Можародан сўнг олиб борилган текширувлар "от гўштини таъминлаш соҳасида машҳур бўлган нидерландияликни аниқлашга имкон берган", дейилади Европол хабарида. 

Кейинчалик, гумондорнинг жиноий тўда раҳбари экани аниқланган. 2016 йилда маълум бўлишича, отлар Испания шимолидаги махсус кушхоналарда сўйилиб, керакли ҳужжатлар сохталаштирилгач, Бельгияга юборилган. Испаниядаги кушхоналардан олинган гўштлар таҳлил қилингач, от гўштлари асосан хорижга юборилгани аниқланган. 

Жиноий гуруҳ етакчиси Бельгияда қўлга олинган. Бундан ташқари, Франция, Португалия, Италия, Руминия, Швейцария ва Буюк Британияда полиция амалиётлари ўтказилган эди.