Европа марказий банки Қатар қироллик оиласи ва Хитойнинг HNA ҳолдингининг Deutsche Bank капиталидаги иштирокини текширувдан ўтказади, деб хабар бермоқда Reuters манбаларга асосан.

Кўрсатилган акциядорларнинг ҳар бири банк капиталининг 10 фоиздан камроғига эга.

«ЕМБ бу акциялар кимга тегишли эканини ўрганиб чиқиш ёки суриштирувдан ўтказиш ниятида», - дея таъкидлаб ўтди агентлик манбаси.

Бироқ агентликнинг қўшимча қилишича, бундай текширувнинг сабаблари номаълумлигича қолмоқда. Германия молия вазирлиги вазиятга изоҳ бермади. 

Reuters’нинг таъкидлашича, одатда бундай текширув сармоядор молиявий жиҳатдан барқарор экани, сармоя маблағлари манбасини аниқлаш, сармоядор жиноий ишга алоқаси бор ёки йўқлиги ҳамда у терроризмни молиялаштириш ёки пул ювишга алоқадор эканини аниқлаш мақсадида ўтказилади.