Неймар «Барселона»дан «ПСЖ»га ўтиши бўйича навбатдаги тафсилотлар маълум қилинди.

Бразилиянинг Lance нашрида футболчини Париж клубига ўтишга ундаган сабаблар ҳақида ёзилган.

Унда биринчи навбатда Неймар жамоадоши Лионель Мессининг соясида қолиб кетаётгани ва шахсий совринлар учун имкониятга эга бўлмаётгани келтирилган.

Шунингдек, бироз олдинроқ «ПСЖ» сафига ўтган бразилиялик бошқа футболчи Дани Алвес Неймарни бирга ўйнашга таклиф этгани тахмин қилинган.

Учинчидан эса, «ПСЖ» 25 ёшли футболчига жуда катта маош ваъда қилган. Айни вақтда Неймарнинг «Барселона»даги йиллик маоши миқдори 15 млн еврога тенг.

Тўртинчи сабаб эса, парижликлар раҳбарияти Неймарнинг агенти бўлмиш отаси билан яхши муносабатга эгалигида бўлиши мумкин.

Нашр Неймар ва «ПСЖ» ўртасида оғзаки келишувга эришилганини таъкидлаган. Шу билан биргаликда, у фикрини ўзгартирмаслигига кафолат ҳам йўқ.

Бундан аввалги хабарларда Париж клуби футболчининг шартномасида кўрсатилган бадал пулини - 222 млн еврони тўлашга тайёрлиги айтилганди.