Нидерландияда Миллий хотира комплекси очилди. У Малайзия авиакомпаниясининг MH17 рейсини амалга ошираётган Boeing самолёти ҳалокатида ҳаётдан кўз юмган 300га яқин йўловчи ва экипаж аъзоларининг хотирасига бағишланган. Бу ҳақда NOS.nl хабар бермоқда. 

Хотира комплекси металл девор ва йирик металл кўз шаклида барпо этилган бўлиб, металл кўз юзасига авиаҳалокатда қурбон бўлганларнинг исм-шарфлари қайд этилган. Улар ҳар бир ҳалок бўлган хотирасига экилган 298 та дарахт билан қуршаб олинган. 

Хотира анжуманида ҳалок бўлганларнинг 2 мингга яқин қариндошлари, Нидерландия қироли Виллем-Александр, қиролича Максима, бош вазир Марк Рюттелар ҳам қатнашган. Ҳалок бўлганларнинг яқинлари фожиа қурбонларининг исм-шарифларини ўқиб чиқишди. «Эҳтимол бу воқеадан кейин анча вақт ўтгандир, аммо биз учун кеча бўлгандек», — деган анжуманда иштирок этганлардан бири. 

Ҳалок бўлганлар хотираси бир дақиқалик сукут сақлаш билан ёдга олинди. Комплекс Амстердам аэропорти ёнида жойлашган. Ҳалокатга учраган самолёт уч йил аввал шу аэропортдан ҳавога кўтарилган эди. 

Эслатиб ўтамиз, МН17 рейсини амалга ошираётган самолёт 2014 йил ёзида Украина осмонида уриб туширилган эди.