Япония ҳукумати Шимолдан таҳдидни важ қилиб "тинчликпарвар" конституцияни ўзгартиришни режалаштираяпти. КМТА ахборот агентлигининг шарҳларида шу каби таъкидлар ўрин олган. У 18 июль куни КХДРнинг марказий "Нодон синмун" газетасида чоп этилди.

Шарҳ муаллифлари Япония бош вазири Синдзо Абэнинг жанговар кайфиятдаги баёнотларига ўз қарашларини изҳор қилишган. Абэ 4 июль куни учирилган "Хвасон-14" қитъалараро баллистик ракета синовидан сўнг кескин фикрларини билдирган эди. Пхеньян эса бу синовни "республика мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш", деб баҳолаганди.

Мақолада таъкидланишича, бундай қараш "Япония ҳукуматининг Шимолдан таҳдид баҳонасида кескинликнинг кучайишини имкон қадар ўз фойдасига қўллаш ниятини тасдиқлайди".

Пхеньянга кўра, Токио шу баҳонада Японияни қудратли ҳарбий давлатга айлантириш учун миллий конституцияни ўзгартиришни режаламоқда. 

КМТАга кўра, мамлакат мақомини қайта кўриб чиқиш механизми аллақачон ишга туширилган, Токио жамоатчилик фикрини ўзгартириш мақсадида "КХДР тимсолида ташқи душман қиёфаси шакллантирмоқда". Бунинг учун, Японияда Шимолдан амалга ошириладиган ракета ҳужуми эҳтимолига қарши фуқароларни эвакуация қилиш машғулотлари ўтказилмоқда. 

Япония бош вазири Синдзо Абэ қитъалараро баллистик ракета синовидан сўнг, БМТ ХКнинг янги санкцияларини жорий этиш бўйича резолюцияни тезроқ қабул қилиш фикрини илгари сурган эди.