Олимлар йирик ҳайвонларнинг ўлчами уларга жуда тез ҳаракат қилишларига имкон бермаслигини аниқлашди. Математик моделга кўра, улкан ҳайвонлар тезлашиш учун катта куч сарфлайди, натижада қуввати тезда тугайди. Ҳисоб-китоблар натижаси Nature Ecology & Evolution журналида чоп этилди.

Ҳайвонлар қисқа масофаларга жуда тез ҳаракатлана олади. Бироқ узоқ масофаларга эмас, дея изоҳлайди тадқиқотнинг бош муаллифи, биолог Мириам Ҳирт. 

Қисқа югуриш  — бу анаэроб юкланиш ҳисобланади. Бунда энергия мушаклардаги айрим моддаларнинг кислород иштирокисиз парчаланишидан ҳосил бўлади. Бироқ, мушаклардаги «ёнилғи» захираси чекланган миқдорда бўлиб, тезда тугайди. Ҳайвон вазни қанчалик оғир бўлса, у ҳаракатланаётгандаги инерцияни енгиш учун шунча кўп уринади. 

Шу сабабли фил сичқондек тезлаша олмайди. Фил тезлик олгунча қувватини сарфлаб бўлади. Натижада йирик ҳайвонлар ҳеч қачон назарий жиҳатдан мумкин бўлган тезликка эриша олмайди. 

Ҳирт тузган формула ҳайвонлар миграцияси ва ваҳший ҳайвонларнинг уларга ҳужумини ҳисоблашда қўл келади. Бундан ташқари, формула ёрдамида нобуд бўлиб кетган айрим ҳайвонлар қандай тезликда ҳаракатланганини ҳам тахмин қилиш мумкин.