Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 29 майдаги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан соҳадаги ишлар тубдан такомиллашмоқда. Шу асосда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди. 

Бугун аҳолининг кенг қатламида мазкур ташкилот фаолиятига қизиқишни инобатга олиб, ЎзА мухбири Мажбурий ижро бюроси директори Ботир Қудратхўжаев билан суҳбатлашди. 

“Тўлов интизомининг ёмонлашувига, истеъмолчилар томонидан электр энергияси ва газдан оқилона фойдаланмаслик учун шароитлар яратишга соҳада фаолият юритган масъул шахслар “ҳисса” қўшган. “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти ва “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси тизимида кўп сонли назоратчи штат бирликлари мавжуд бўлишига қарамасдан, улар вазифаларини лозим даражада бажармаган. Аксинча, улар томонидан пул маблағларини талон-тарож қилиш, ҳисобга олиш ускуналарининг кўрсаткичларини ўзгартириш ҳолатларига оммавий тарзда йўл қўйилган. 2016 йил ва жорий йилнинг 1 чорагида мингдан зиёд ходим судланган, етказилган зарар миқдори – 43,3 миллиард сўмни ташкил этган”, - дейди Қудратхўжаев. 

Билдиришича, мансабдор шахсларнинг масъулиятсизлиги, энергия ресурслари истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш муддатларининг кечиктириб юборилганлиги етказиб берилган ва истеъмол қилинган энергия ҳажмлари ҳисоби юритилишининг ҳаққонийлигини таъминлашга ҳамда ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга оширишга ўта салбий таъсир кўрсатган. 

“Пул маблағларини электр ва газ таъминоти бўйича эскирган инфратузилмани модернизация қилишга йўналтириш мақсадга мувофиқ бўлган бир вақтда асоссиз равишда назоратчи штат бирликлари сақланган. Назоратчиларнинг ойлик иш ҳақлари учун йилига 161,8 миллиард сўм сарфланган”, - деди Мажбурий ижро бюроси директори.