Германиянинг Daimler автоконцерни директорлар кенгаши Mercedes-Benz савдо белгиси остида ишлаб чиқарилган дизель автомобиллари учун чақириб олиш сиёсати қамровини кенгайтиришга қарор қилди.

Компаниянинг 18 июль куни эълон қилинган ахборотномасида айтилишича, кенгайтирилган сервис хизмати 3 млн машинага тегишли бўлади, деб хабар қилмоқда ТАСС. 

«Дизель двигателлари борасидаги тортишувлар мижозларимиз орасида ишончсизликни келтириб чиқармоқда. Шу боис биз дизель двигателли автомобилларимизни харид қилганларни тинчлантириш учун қўшимча чоралар кўришга қарор қилдик», - деган Daimler AG бошқаруви раиси Дитер Цетше.

Ахборотномага кўра, шу йилнинг март ойида бошланган сервис хизмат кўрсатиш кампанияси фақат бир намунадаги моторлар ўрнатилган ихчам автомобилларга тегишли бўлган. Унда умумий машиналарнинг 45 фоизи иштирок этган. Эндиликда, автоконцерн бу рўйхатга деярли барча дизель автомобилларини киритган. Талаб бўйича уларнинг двигателлари «Евро-5» ва «Евро-6» экология меъёрларига жавоб бериши керак. 

Дизель автомобиллари чиқарадиган газлар миқдорида азот оксиди миқдорини камайтиришга қаратилган кампания Германия тартибга солувчи идоралари билан ҳамкорликда амалга оширилади. Daimler шу мақсадларга 220 млн еврога яқин маблағ ажратади. Двигателлар билан қандай ўзгаришлар амалга оширилиши хабар қилинмаяпти. 

Хўш, бундай кескин чоралар кўришга нима сабаб бўлмоқда?
 
Германия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари жорий йил май ойи охирида зарарли моддаларнинг атмосферага чиқишига доир маълумотлар қалбакилаштирилганини гумон қилиб, Daimler автоконцернига тегишли бир неча идорада тинтувлар ўтказди. Кейинроқ, прокуратура Daimler ишига бевосита алоқаси борликда шубҳа билан Bosch компаниясига қарши иш очди. 

12 июлда Süddeutsche Zeitung газетаси Daimler концерни 8 йил – 2008-2016 йиллар мобайнида Европа ва АҚШда атмосферага зарарли газларни белгиланган меъёрдан юқори миқдорда чиқарувчи автомобилларни етказиб бергани ҳақида жар солди. Нашрга кўра, қоидабузарликлар 1 млн атрофидаги енгил автомобиллар ва кичик фургонларга тегишли бўлиши мумкин. Уларда OM642 ва OM651 дизель двигателлари ўрнатилган бўлиб, Штутгарт прокуратураси таъкидлашича, бу моторларда ҳақиқий кўрсаткичларни пасайтириб кўрсатувчи механизм қўлланилган. 

Суд қарорида айтилишича, Daimler шу билан масъул идоралар, хусусан, Федераль автомобиль бошқармаси талабларини бузган.